Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатларнинг Иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини тузишни таклиф қилди. Бу ташаббус 7 октябрь куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида «Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик» шиори остида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг (ТДТ) XII саммитида эълон қилинди.
Мирзиёев ўз нутқида ТДТ қисқа вақт ичида энг тез ривожланаётган халқаро ташкилотлардан бирига айланганини, бу ерда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш барқарор ўсиб бораётгани ва 2030 йилга бориб икки баравар кўпайиши кутилаётганини алоҳида таъкидлади. Ташкилот ҳозирданоқ 35 дан ортиқ йўналишда, жумладан, савдо, сармоявий, транспорт ва гуманитар дастурларда ҳамкорлик қилиб келмоқда.
«Амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш, жумладан, Туркий инвестиция жамғармаси доирасидаги режаларни келишиш мақсадида Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш вақти келди. Бу тузилма мамлакатларимиз Бош вазирлари ўринбосарлари томонидан бошқарилиб, доимий фаолият олиб бориши муҳим. Кенгашнинг Лойиҳа офисини эса Тошкентда жойлаштиришга тайёрмиз», — деди Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти Кенгаш қатор стратегик ташаббусларни амалга оширишни режалаштираётганини, жумладан:
▪️ Янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш,
▪️ Туркий давлатларнинг Саноат альянсини тузиш ва бу орқали машинасозлик, кон саноати, электротехника, нефть-кимё, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларида етакчи компанияларимизнинг кооперация лойиҳаларини илгари суриш;
▪️ қурилиш материаллари ишлаб чиқариш.
Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида «Туркий яшил йўлаклар» электрон тизимини жорий этишга, шунингдек, илғор технологиялар ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларидан фойдаланган ҳолда яшил энергия, яшил водород ва аммиак лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун «Яшил трансформация» консорциумини яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Мирзиёев, шунингдек, стратегик минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича «хомашё – қайта ишлаш – илм ва технологиялар – тайёр маҳсулот» тамойили асосида Ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришда мамлакатларимиз дунё етакчиларидан бўлишлари мумкин. ФАОнинг таҳлилларига кўра, бугунги кунда органик маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги ҳажми 225 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этади ва бу рақамлар истиқболда ҳар йили 10 фоизга ўсиши кутилмоқда. Шу муносабат билан Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги вазирлари раҳбарлигида эксперт ишчи гуруҳи тузиш ва туркий мамлакатларнинг органик маҳсулотларини ягона бренд остида жаҳон бозорига олиб чиқишни таклиф қилди.
Ўзбекистон президенти транспорт интеграциясига ҳам эътибор қаратди. У Ўрта коридорни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб, унинг рақобатбардошлиги, оптимал транзит тарифлари, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Ўрта коридорни Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ва истиқболли Трансафғон йўлаги билан боғлаш минтақада кўп тармоқли транспорт тизимини яратади. 2025 йил 12 ноябрь куни Тошкент шаҳрида транспорт вазирлари, логистика компаниялари раҳбарлари ва экспертлар иштирок этиши кутилаётган Мультимодал транспорт бўйича Халқаро форум бу борадаги муҳим воқеа бўлади.
Устивор лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун Мирзиёев Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари билан стратегик ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.
Ўзбекистон президенти халқаро вазият ҳақида гапирар экан, ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва разведка хизматлари раҳбарларининг қўшма мажлисларини ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
«Дунёдаги энг оғриқли муаммолар, Евроосиё минтақасида авж олаётган ва охири кўринмаётган низо ва урушлар, албатта, бизнинг давлатларимизга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Ғазо секторидаги фожиа, Украина атрофидаги вазият, Эроннинг ядро дастури муаммоси, Афғонистоннинг барқарорлиги масалалари барчамизни жиддий ташвишга солади.
Жаҳоннинг қудратли давлатлари томонидан адолатли дунё тартиботини шакллантириш, ўзаро ишонч ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган интилиш ва янги режаларни олқишлаймиз. Ўйлайманки, глобал вазиятни чуқур таҳлил этиш ва керакли қарорлар қабул қилиш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлар раҳбарларининг биргаликдаги учрашувларини мунтазам ўтказиб боришни ҳам замоннинг ўзи тақозо қилмоқда», —
деди Мирзиёев ва 2026 йили биринчи қўшма учрашувни Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Президент технология ва инновациялар соҳасида «Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Йўл харитасини қабул қилиш» ва Ўзбекистонда Турк дунёси халқаро кўргазмасини ўтказишни таклиф қилди.
Мирзиёев «Жаҳолатга қарши – маърифат» тамойили асосида илм-фан ва таълим соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга кўтариш муҳимлигини таъкидлади. Ўзбекистон 2025-2026 йилларда 100 дан зиёд университетларни ўз ичига олган Туркий университетлар иттифоқига раислик қилади. Келгуси ҳафта Иттифоқ Бош Ассамблеяси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Давлат раҳбари, шунингдек, Ўзбекистонда Халқаро Туркий Давлатлар Университети ташкил этилишини маълум қилди ва ушбу олийгоҳ негизида Қўшма тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқиш айни муддао бўлишини айтиб ўтди.
Ўзбек етакчиси ёшлар орасида ёт ва бузғунчи ғоялар тарқалишининг олдини олиш мақсадида туркий давлатлар маконида экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашишга қаратилган Ҳаракатлар режасини қабул қилишни таклиф қилди.
Мирзиёев маданий кун тартибида икки буюк шоирнинг юбилейлари муносабати билан «Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказишни таклиф этди.
ℹ️ Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) 2009 йил октябрь ойида ташкил этилган бўлиб, илгари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) номи билан аталган. Ҳозирда унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи сифатида иштирок этади.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев раислигидаги Габала саммитида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Туркманистон миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва бошқа расмий шахслар иштирок этди.
Саммит якунлари бўйича ТДТга аъзо давлатлар раҳбарлари қуйидаги ҳужжатларни имзоладилар:
✅ Туркий давлатлар ташкилотининг Габала декларацияси;
✅ Ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар билан ҳамкорлик қилиш учун «ТДТ+ (OTS Plus)» форматини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
✅ ТУРКСОЙ халқаро ташкилотини мустаҳкамлаш қарори.