Питер Фостер Қозоғистоннинг энг йирик авиаташувчиси бўлган Air Astana бош директори лавозими ва директорлар кенгаши аъзолигидан кетади, деб хабар беради компания матбуот хизмати.
Фостер 2026 йил март ойи охирида истеъфога чиқади. У авиакомпаниялар гуруҳи билан директорлар кенгашининг катта маслаҳатчиси сифатида ишлашда давом этади. Айни пайтда молия бўйича ижрочи директор лавозимида ишлаётган Иброҳим Жанлиэл «белгиланган муддатда» Air Astana бош директори бўлади», — дейилади баёнотда.
«Бошқарув кенгаши Питер Фостерга 20 йил давомида – ташкил этилганидан то Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги етакчи авиакомпания ва жаҳон авиация саноатида тан олинган бренд сифатидаги мақомига эришгунга қадар ажойиб раҳбарлиги учун самимий миннатдорлик билдиради», — деди Air Astana директорлар кенгаши раиси Нурлан Жакупов.
Шунингдек, у Иброҳим Жанлиэлнинг бош ижрочи директор этиб тайинланганини мамнуният билан қайд этиб, у Air Astana компаниясида 2003 йилдан буён фаолият юритаётганини таъкидлади. Жанлиэл 2017 йилда бош молия директори этиб тайинланишидан олдин дастлаб турли тижорий функцияларни бошқарган. Директорлар кенгаши унинг раҳбарлиги остида компания бозордаги мавқеини янада юксалтиришига ишонч билдирди.
Air Astana гуруҳи таркибига Air Astana миллий авиаташувчиси ва FlyArystan бюджет авиакомпанияси киради. У 2001 йили Қозоғистон ҳукумати (Самрук-Казина жамғармаси орқали, 51%) ва Британиянинг BAE Systems (49%) компанияси (49%) ўртасида қўшма корхона сифатида ташкил этилган. Бош офиси Олмаотада жойлашган авиакомпанияга 2005 йилдан бери Британия фуқароси Питер Фостер раҳбарлик қилади.
IPO га чиққанидан сўнг компаниянинг мулкчилик тузилмаси ўзгарди, Forbes.kz маълумотларига кўра: «Самрук-Казина» акцияларнинг тахминан 41 фоизига, Citibank (номинал эгадор) 21,7 фоизи, BAE Systems 17 фоизи ва ЕНПФ 6,6 фоизига эгалик қилади. Қолган акциялар миноритар акциядорларга тегишли.
Гуруҳнинг 2025 йилнинг биринчи олти ойидаги умумий даромади 658,2 миллион долларни, соф фойдаси эса 10,7 миллион долларни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, Air Astana авиакомпанияси ҳам унинг бош директори Питер Фостер сингари бир неча бор танқидларга учраган. Қозоғистонликлар ва мамлакат раҳбариятининг асосий шикоятлари авиакомпаниянинг нарх сиёсати, бозордаги монопол мавқеи ва парвозларнинг кечикиши билан боғлиқ бўлган. Ўтган йил декабрь ойида депутат Едил Жанбиршин яна бир бор ушбу масалага эътибор қаратган эди. Мажилисда (парламентнинг қуйи палатаси) нутқи чоғида йиғилишда ҳозир бўлган Питер Фостер депутатни тинглаганча кулиб тургани экранда кўрсатилган. Шундан сўнг Жанбиршин Air Astana раҳбарини қозоғистонликларга нисбатан хурматсизликда қоралаган эди.
«Биз сизга африкалик аборигенлар эмасмизки, устимиздан куляпсиз», — деганди у.