Enter Engineering Ўзбекистондаги биринчи АЭСни қуриш бўйича субпудратчи этиб тайинланди

АЭС қурилиш майдонида. podrobno.uz сайти фотосурати

Enter Engineering компанияси Ўзбекистондаги биринчи атом электр станциясини (АЭС) қуриш бўйича субпудратчи этиб тайинланди. Бу ҳақда АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдужамил Калмуратов Жиззах вилояти Фориш туманида жойлашган бўлажак станция майдончасига уюштирилган пресс-тур доирасида маълум қилди, деб ёзади Podrobno.uz.

Лойиҳанинг бош пудратчиси Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бўлиб, у технологик таъминот, хавфсизлик стандартларига риоя қилиш ва ишларни умумий мувофиқлаштириш учун жавобгар бўлади. Enter Engineering объектдаги қурилиш-монтаж ишларига жавоб беради.

Қалмуратовнинг сўзларига кўра, субпудратчи корхонанинг зарур ишлаб чиқариш қуввати ва техник ресурслари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда танлов асосида танлаб олинган.

«Enter Engineering — ўз автопарки, малакали мутахассислари ва лойиҳа институтларига эга Ўзбекистондаги йирик қурилиш компанияларидан бири. Яъни, компания барча зарур ишларни бажара олади», — деди дирекция раҳбари.

Айни пайтда АЭС мажмуаси учун ажратилган ер участкаларида муҳандислик тармоқлари ўрнатилмоқда, материаллар ва асбоб-ускуналар етказиб бериш учун логистика йўналишлари тайёрланмоқда, йирик иншоотлар учун ихтисослаштирилган йиғиш базаси яратилмоқда.

АЭС ишчилари учун «атомчилар шаҳри» қурилади, бунинг учун 100 гектар ер майдони ажратилган. Бу 3000 кишигача мўлжалланган ягона саноат шаҳарчаси бўлади.

«У яшил шаҳар сифатида, хавфли технологиялардан фойдаланмасдан, ўзимизнинг [АЭС] электр энергиясидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда барпо этилиши режалаштирилган», — деди Қалмуратов. Унинг қўшимча қилишича, атомчилар шаҳрида илғор мактаблар, шифохоналар ва муҳандислик мактаблари қурилади.

Қалмуратовнинг сўзларига кўра, қурилишнинг турли босқичларида 20 мингга яқин киши жалб этилиши режалаштирилган, мутахассисларнинг 70 фоизини Ўзбекистон тақдим этади — бу Россия томони билан келишувларда кўрсатилган. Шу билан бирга, дирекция раҳбари тайёргарлик ишлари республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилаётганини, бу эса белгиланган барча муддатларнинг барқарор бажарилишини таъминлаётганини маълум қилди. Бироқ, у лойиҳанинг аниқ қийматини ошкор қилмаган.

Аввалроқ, Жиззах вилоятидаги биргина майдонда қуввати 2 ГВт бўлган йирик атом электр станцияси ва қуввати 110 МВт бўлган кичик АЭС қурилиши режалаштираётгани хабар қилинган эди.

ℹ️ Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом энергетикаси соҳасида, жумладан, Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик битими 2017 йил декабрида имзоланган эди. Қиймати 11 миллиард доллар бўлган биринчи энергоблок 2028 йилда ишга туширилиши режалаштирилган. Ўшанда АЭС мажмуаси ҳар бири 120 МВт қувватга эга иккита энергоблокдан иборат бўлиши кўзда тутилган эди.

«Росатом» билан кичик атом электр станциясини лойиҳалаш, етказиб бериш ва қуриш бўйича янги шартнома — 2024 йил 27 май куни Тошкентда Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи чоғида имзоланганди. КАЭС биринчи бетонини қуйиш 2026 йилнинг иккинчи чорагига мўлжалланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиёнинг жанглар майдонига айлангани ҳақида

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар

  • Наманганлик фермерлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва даромади йўлида маҳаллий ҳокимият органлари билан курашмоқда. Ҳозирча ютуқдан дарак йўқ