Путин ва Раҳмон «энг нозик масалалар»ни муҳокама қилди ва қўшма баёнот эълон қилди

kremlin.ru сайти фотосурати

Россия ва Тожикистон президентлари Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон икки мамлакат ҳамкорлигига оид «энг нозик масалалар»ни яккама-якка мулоқотда муҳокама қилди. Бу ҳақда Путин кенгайтирилган музокаралар бошида маълум қилди.

«Биз энг нозик масалаларни юзма-юз муҳокама қилиш имконига эга бўлдик, гарчи бу кеча кечқурун содир бўлган бўлса-да. Кечаги оқшом, дўстона муҳитда бир пиёла чой устида тинчгина, бизни қизиқтирган барча масалани: минтақадаги, икки томонлама ҳамкорлигимиздаги энг қизиқарли ва истиқболли йўналишларни муҳокама қилишга муваффақ бўлганимиз учун сизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман», — дея РФ президенти сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.

Путин Тожикистонга илк бор давлат ташрифи билан келди. У аввалроқ мамлакатга тўрт марта расмий ва саккиз марта амалий ташриф билан келган.

Путин Раҳмон билан суҳбати аввалида Россия ва Тожикистон 1993 йили имзоланган Дўстлик шартномасида белгиланган барча келишувлар ва фундаментал мақсадларни бажараётганини таъкидлаб, муносабатлар ривожини кенг миқёсда жуда ижобий деб баҳолади. Савдо ўсиши ўтган йили 7 фоиздан ошган, жорий йилнинг етти ойида эса 17 фоиздан ошди, «бу яхши тенденция ва биз уни албатта сақлаб қолишимиз керак».

Путин хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида урғу бериб, Россия ва Тожикистонни ишончли иттифоқчилар деб атади ва барча иттифоқчилик мажбуриятларини бажаришга ваъда берди.

У Раҳмонга рус маданияти ва тилига кўрсатаётган эътибори учун миннатдорчилик билдириб, Тожикистонда бешта рус мактаби очилгани ва ушбу республика талабалари Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётганини тилга олди.

«Агар бирон-бир муаммо юзага келса, биз, албатта, керак бўлса, уларни ўз даражамизда кўтарамиз ва барча муҳим соҳаларда Россия-Тожикистон муносабатларини изчил ривожлантириш учун шароит яратадиган тарзда ташкил қиламиз», — деб ишонтирди Путин.

Кенгайтирилган учрашув аввалида Раҳмон Россияни асосий сиёсий ва иқтисодий ҳамкорларидан бири деб атади. У савдо-иқтисодий, маданият ва хавфсизлик соҳаларида яқин ҳамкорликни таъкидлади.

Томонлар энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар. Улар қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар:

▪️ Тожикистоннинг тоғ-кон саноати ва қайта ишлаш саноатига Россия сармоясини жалб қилиш;

▪️ Меҳнат миграцияси, турли соҳаларда юқори малакали кадрлар ва мутахассислар тайёрлаш;

▪️ Минтақавий миқёсдаги алоқаларни кенгайтириш;

▪️ Янги транспорт коридорларини ишлаб чиқиш ва етказиб бериш занжирларининг барқарорлигини мустаҳкамлаш;

▪️ Рақамли технологияларни жорий этиш.

Муҳокаманинг асосий мавзуси хавфсизлик масаласи бўлди. Терроризм, экстремизм, кибертаҳдидлар, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мудофаа идоралари ўртасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар муваффақиятли бўлгани юқори баҳоланди.

Музокаралар якунида Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон қўшма баёнотни имзолади. Унда, жумладан шундай дейилган:

▪️ Россия ва Тожикистон ҳарбий ҳамкорликни, жумладан, 201-Россия базаси салоҳиятидан фойдаланган ҳолда фаоллаштириш ниятида;

▪️ Икки давлат миграция соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиради, зеро ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга;

▪️ Давлатлар рус тилини тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлайди;

▪️ Россия ва Тожикистон бошқа давлатлар ва ташкилотларнинг КХШТнинг минтақавий, жумладан, Марказий Осиёдаги муаммоларига аралашувига йўл қўймайди.