Россия ўз ҳудудида меҳнат қилаётган Тожикистон фуқароларини муносиб меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимоя билан таъминлашга интилмоқда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин 9 октябрь куни Россия-Тожикистон музокаралари якунлари бўйича ОАВга берган баёнотида маълум қилди.
РФ президенти тожикистонлик меҳнат мигрантларининг икки давлат иқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
«Эслатиб ўтмоқчиманки, Россияда деярли бир миллионга яқин, бир миллиондан ортиқ Тожикистон фуқаролари яшаб, меҳнат қилмоқда. Улар турли соҳаларда, хусусан, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт ва логистика каби жадал ривожланаётган соҳаларда банд бўлиб, Россия иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Муҳими, уларнинг уйига юбораётган пул маблағлари тожикистонликларнинг оила аъзолари ва бутун ижтимоий-маиший шароитларини қўллаб-қувватламоқда. Биз Тожикистон фуқароларини муносиб меҳнат шароити ва ижтимоий ҳимоя билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз», — деди Путин. У икки давлатнинг тегишли идоралари миграция сиёсатининг барча масалалари бўйича яқин алоқада эканини қўшимча қилди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Путиндан олдин матбуотга баёнот берди. Унинг таъкидлашича, музокаралар якунлари билан бир қаторда меҳнат миграцияси масалалари бўйича ҳам «ушбу соҳани янада ривожлантириш ва ҳамкорлик қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамловчи» ҳужжатлар имзоланган. Унинг қўшимча қилишича, «томонлар ўртасидаги миграция соҳасидаги ҳамкорлик конструктив ривожланмоқда».
Раҳмон рус тили ўқитувчиларини тайёрлаш, Тожикистон мактаблари учун рус тилида дарслик ва ўқув қўлланмалар нашр этиш, шунингдек, бешта рус тилида ўқитиладиган мактаб қурилишидаги иштироки учун Россияга миннатдорлик билдирди.
«Биз, шунингдек, Душанбе шаҳридаги Маяковский номидаги рус драма театри қошидаги иқтидорли болалар маркази қурилишида кўрсатилган ёрдам учун миннатдормиз. Шу нуқтаи назардан Россиядаги етакчи ихтисослаштирилган таълим муассасаларида театр ва кино мутахассисларини тайёрлашни давом эттириш зарурлигини таъкидладик», — деди Тожикистон президенти.
Путин Раҳмонга рус тилига беилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдирди.
«Маълумки, Тожикистонда рус тили миллатлараро мулоқот тили сифатида конституциявий мақомга эга. Республика президенти бунга қанчалик эътибор қаратаётганини биламиз ва самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз», — деди Россия президенти.
Ҳар икки президент бўлиб ўтган музокаралар жуда конструктив, дўстона ва иттифоқчилик руҳида бўлганини таъкидлаб, Тожикистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар юксак даражада эканини таъкидлади. Диққат марказида иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўлган. Хусусан, икки давлат молиявий муносабатларида деярли тўлиқ миллий валюталардан фойдаланишга ўтгани таъкидланди: уларнинг тижорат операцияларидаги улуши 2024 йил якунига кўра 97 фоиздан ошган. Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, товар айирбошлашни диверсификация қилиш, 2030 йилгача уни 2,5 баробар ошириш режасини амалга оширишга келишиб олдилар.
✅ Россия Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида 15 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди, жумладан:
▪️ Ваколатли ички ишлар ва миграция органлари ваколатхоналарининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги келишув;
▪️ Тожикистон фуқароларини тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича келишув;
▪️ Транспорт соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитаси;
▪️ Россия Миллий гвардияси ва Тожикистон Миллий гвардияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси;
▪️ Вабога қарши кураш бўйича ўзаро англашув меморандуми;
▪️ 2025-2030 йилларга мўлжалланган ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
▪️ Телефон ва интернетдаги фирибгарликка қарши курашга оид ҳамкорлик режаси.