Мирзиёев: «Россия биз учун муҳим шерик ва иттифоқчи бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Россия Ўзбекистон учун муҳим, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни «Марказий Осиё – Россия» форматидаги давлат раҳбарлари саммитида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

Мирзиёев икки мамлакат халқларининг умумий тарихи, кўп асрлик ришталари, маданий ва маънавий яқинлиги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишини айтди. Унинг таъкидлашича, геосиёсий кескинлик ва глобал иқтисодий инқирозлар минтақада барқарорликни таъминлаш учун янада яқинроқ мувофиқлаштиришни талаб қилади.

Ўзбекистон президенти ҳар йили олий даражадаги учрашувлар ўтказиш, шунингдек, ҳукумат, вазирлик ва минтақавий даражада мунтазам мулоқотлар ўтказишни таклиф қилди. У 2027 йилгача қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилишни қўллаб-қувватлади, бироқ ҳукуматларга батафсилроқ йўл харитасини тайёрлаш бўйича кўрсатма беришни ва келишувлар бажарилишини назорат қилиш учун бош вазир ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузишни таклиф қилди.

Минтақавий хавфсизлик масалалари борасида Мирзиёев терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикга қарши курашда разведка идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, кибертаҳдидларга қарши биргаликда курашишга чақирди. Афғонистонни ривожлантиришга ёндашувларни мувофиқлаштириш учун хавфсизлик масалалари ва иқтисодий лойиҳаларни муҳокама қилиш учун юқори даражадаги маслаҳатлашувлар ўтказишни кўриб чиқиш таклиф этилди.

Шавкат Мирзиёев иқтисодий шерикликни тубдан кенгайтиришни ҳамкорликдаги ишнинг асосий йўналиши сифатида белгилаб берди. Унинг қайд этишича, ноқулай иқтисодий вазиятга қарамай, Ўзбекистоннинг Россия ва минтақа давлатлари билан савдо айланмаси ўтган ва жорий йилда 15 фоизга ошган. Шу муносабат билан товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, жумладан, ўзаро бозорга киришни осонлаштириш ва «Марказий Осиё – Россия агроэкспресс» лойиҳасини ишга тушириш таклиф этилди.

Мамлакатларнинг транзит-транспорт салоҳиятидан, биринчи навбатда, «Шимол–Жануб» йўлаги доирасида самарали фойдаланиш ҳаётий муҳим аҳамият касб этади. Мирзиёев автомобиль, темир йўл ва авиация алоқалари соҳасида миллий дастурларни уйғунлантириш ва шу асосда инфратузилмавий шерикликнинг комплекс режаси – мамлакатлар Транспорт-логистика контурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Саноат кооперацияси соҳасида Мирзиёев газ-кимё саноати ва мисни қайта ишлаш марказини яратиш бўйича йирик лойиҳаларни келтирди. У илғор муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун Бухорода «Марказий Осиё – Россия» саноат инжиниринг марказини ташкил этиш ҳамда Тошкентда ўтказиладиган «Иннопром. Марказий Осиё» кўргазмали форум имкониятларини юқори даражада ишга солиш муҳим эканини қайд этди. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, сўнгги кўргазма 35 давлатдан 10 мингдан ортиқ иштирокчини жамлаган, натижада 5 миллиард долларлик шартномалар тузилган.

Мирзиёев энергетика соҳасидаги ҳамкорликни минтақа барқарорлиги омили сифатида тилга олди. У Ўзбекистонда бўлажак атом электр станциясининг биринчи реактор блоки ва кўп функцияли Ядро тиббиёти марказини қуриш бўйича қўшма лойиҳалар яқинда бошланишини маълум қилди.

Мирзиёев, шунингдек қуйидагиларни таклиф қилди:

▪️ Атом энергетикаси бўйича Минтақавий компетенциялар марказини таъсис этиш;

▪️ Москва давлат муҳандислик-физика институтининг Тошкент филиали базасида кадрлар тайёрлаш дастурини қабул қилиш;

▪️ «Марказий Осиё ва Россия энергетик шериклиги» комплекс дастурини ишлаб чиқиш;

▪️ «Сколково» маркази филиалини очиш;

▪️ Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий эксперт кенгашини таъсис этиш;

▪️ Ўзбекистонда фаолият юритаётган Россия олий ўқув юртларининг 15 та филиалини ўзининг интеллектуал базаси сифатида жалб қилиши мумкин бўлган «Келажак муҳандислари» илмий-таълим консорциумини йўлга қўйиш ва ёш олимлар учун махсус грант дастурини ташкил этиш;

▪️ Ҳар йили Марказий Осиё ва Россия халқлари маданияти, санъати ва ижоди фестивалини ўтказиш.

ℹ️ 9 октябрь куни Душанбе шаҳрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон раислигида «Марказий Осиё-Россия» форматидаги иккинчи саммит бўлиб ўтди. Учрашувда Раҳмон ва Мирзиёевдан ташқари Россия президенти Владимир Путин, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди.