Тожикистон фуқаролари Душанбеда Россияда ишлаш учун зарур бўлган тиббий кўрикдан ўтишлари мумкин бўлади. Бу 8 октябрь куни Россия президенти Владимир Путиннинг Тожикистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган Тожикистонлик мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги келишувда кўзда тутилган, деб ёзади РИА Новости.
Ҳужжатни РФ Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко ва Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги раҳбари Жамолиддин Абдуллозода имзолаган.
Тиббий кўрик Душанбедаги тиббиёт муассасаси ҳудудидаги махсус марказда ва Россия қоидаларига мувофиқ ўтказилади. Россияга боргандан сўнг такрорий тиббий кўрикдан ўтиш талаб қилинмайди.
Душанбеда бўлиб ўтган Россия-Тожикистон музокаралари якунлари бўйича матбуотга берган интервьюсида Путин бир миллиондан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожири қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт каби соҳаларда меҳнат қилиб, Россия иқтисодиётига катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Тожикистонликларнинг пул ўтказмалари уларнинг оилалари ва мамлакат иқтисодиётига катта ёрдам беради. Президент Россия Тожикистон фуқаролари учун муносиб меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояни таъминлашга интилаётганини, икки давлатнинг тегишли идоралари миграция сиёсати масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.
ℹ️ Тиббий кўрик натижалари Россияда вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП), доимий яшаш рухсатномаси (ВНЖ), меҳнат патенти (визасиз мамлакатлардан Россия Федерациясига келган чет элликлар учун), ишлаш рухсатномаси (виза талаб қилинадиган мамлакатлардан келган чет элликлар учун), қочоқлик гувоҳномаси ва вақтинчалик бошпана гувоҳнома бериш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўпламига киритилган.