Россия қозоғистонлик ҳайдовчилар учун «90 кунлик» қоидани бекор қилди

t.me/customs_rf фотосурати

Россия қозоғистонлик ҳайдовчилар учун ўз ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан йилига 90 кун бўлиши мумкинлигига оид қоидани бекор қилди. Бу ҳақда Мажилис (парламент қуйи палатаси) депутати Болатбек Нажметдинули (Алиев) Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида маълум қилди.

«Ҳукуматимиз Россия Федерациясидаги ҳамкасблари билан оператив каналлар орқали боғланди ва кеча кечқурун халқаро юк ва йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга янги миграция чекловларини қўлламаслик тўғрисида қарор қабул қилинди», — деди у.

Бир кун аввал Қозоғистон Россия билан чегарадаги тирбандлик ва ҳайдовчиларнинг Россия иммиграция қонунчилигидаги янги моддалар юзасидан шикоятлари туфайли Евроосиё иқтисодий комиссиясига (ЕИК) мурожаат қилгани хабар қилинганди. Остона мавжуд вазиятни ташқи савдога тўсқинлик қилаётган тўсиқ сифатида тан олинишини таклиф қилди.

Январь ойида кучга кирган қоидаларга кўра, чет эл фуқаролари Россияда рўйхатдан ўтмасдан, кириш ва чиқишлар сонидан қатъи назар, календарь йилида 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда қолишлари мумкин (илгари бу муддат 180 кун бўлган). Болатбек Нажметдинули аввалроқ қозоғистонлик ҳайдовчилардан ушбу чеклов юзасидан кўплаб шикоятлар келиб тушаётганини хабар қилганди.

Уларнинг аксариятида Россия Федерациясида қолиш лимити тугаган ва улар рейсларни давом эттириш учун янги йил бошини кутишга мажбур. Белгиланган 90 кунлик лимитдан ошиб кетганлар қўлга олинган ва улар мамлакатни тарк этишлари тўғрисида огоҳлантирилган, деганди депутат.

Вазият сентябрь ойидан «яширин» импорт маҳсулотларига қарши кураш олиб борилаётгани туфайли икки давлат чегарасида юк машиналарининг тирбандлиги юзага келгани сабаб, янада оғирлашганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Президент Мурожаатномаси арафасида Тўқаевнинг энг яқин шериги «қўлга олингани» ҳақидаги медиа бомба тафсилотлари

  • Марказий Осиёнинг жанглар майдонига айлангани ҳақида

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар