МДҲ давлат раҳбарлари Душанбе саммитида «МДҲ плюс» форматини туздилар

eccis.org сайти фотосурати

МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг янги формати — «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги плюс» ташкил этилди. Тегишли қарор МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг 10 октябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинди, деб хабар берди ташкилот ижроия қўмитаси.

Бу формат Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан таклиф этилган. У учинчи давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Ҳамдўстлик давлатлари билан «ўзаро манфаатли соҳаларда» ҳамкорлигини назарда тутади.

«Қарор Ҳамдўстлик шафелигида ўтказиладиган тадбирларга манфаатдор шахсларни таклиф этиш ва уларнинг иштирокини шакллантириш, манфаатдор соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича сўровларни кўриб чиқиш тартибини белгилайди», — дейилади ижроия қўмита матбуот хизмати хабарида.

Ташкилотга раислик қилаётган давлат МДҲ олий органларининг тадбирлари ва очиқ мажлисларига учинчи давлатларни таклиф қилади. Асосий шарт — Ҳамдўстликнинг бошқа аъзолари томонидан эътирозларнинг йўқлиги.

Аввалроқ Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков минтақавий ташкилотларда бундай шакллар тез-тез қўлланилишини таъкидлаган эди. У ШҲТ+ (Шанхай ҳамкорлик ташкилоти) ва БРИКС+ни мисол қилиб келтирганди.

Саммит давомида жами 19 та ҳужжат имзоланди. 2030 йилгача бўлган Ҳарбий ҳамкорлик концепцияси, ташқи чегараларда чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш дастури, Минтақавий энергетика хавфсизлигини таъминлашдаги ҳамкорлик тўғрисида декларация шулар жумласидандир.

Туркманистон 2026 йил январидан Ҳамдўстликка раисликни ўз зиммасига олиши ҳақида қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедевнинг ваколати яна уч йилга узайтирилди.