МДҲ давлатлари раҳбарлари 2030 йилгача бўлган ҳарбий ҳамкорлик концепциясини маъқулладилар. Тегишли қарор Душанбеда бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида қабул қилинди, дея хабар беради ташкилот ижроия қўмитаси матбуот хизмати.
«МДҲ давлатларининг устувор йўналишларига мувофиқ, ҳарбий ҳамкорлик очиқ, башорат қилинадиган, доимий равишда қўшилмаслик ва учинчи давлатларга қарши қаратилмаган характерга эга», — дейилади баёнотда.
Ташкилотга аъзо давлатлар «халқаро тинчлик, минтақавий барқарорлик ва ҳар бир МДҲ давлатининг хавфсиз ривожланишини таъминлаш учун» ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва тенг ҳуқуқли, яхши қўшничилик муносабатларини, жумладан, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ривожлантиришга келишиб олдилар.
Мурожаатда таъкидланишича, ҳарбий ҳамкорликнинг маънавий асоси «1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши давридаги Буюк Ғалабанинг тарихий хотираси, халқларимизнинг муштарак қаҳрамонона ўтмиши ва бунёдкорлик бугуни ҳисобланади».
Концепция МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳарбий ҳамкорликнинг узлуксизлигини ва уни изчил тизим сифатида янада ривожлантиришни таъминлайди. Унга кўра, Ҳамдўстлик мамлакатлари ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиради, қўшма истиқболли дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқади, «ҳам анъанавий, ҳам янги актуал соҳаларда» ҳамкорлик қилади.
«Қуролли кучлар таркибида қўшма ҳарбий тизимларнинг миллий тузилмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ягона ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини, қўшма алоқа тизимини, РБХ ҳолатини кузатиш ва баҳолашнинг ягона тизимини, ягона радар идентификация тизимини, қуролли кучлар учун ягона ҳарбий геоахборот тизимини ривожлантиришга устувор аҳамият берилади, бу эса миллий ҳарбий кучларнинг жанговар салоҳияти ва ҳамкорлиги даражасини сезиларли даражада оширади», — дейилади МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Бугунги саммит давомида жами 19 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида ҳамкорликнинг янги формати — «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги плюс»ни йўлга қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинди.