Жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман суди 27 ёшли Ўзбекистон фуқаросини Россия қуролли кучлари таркибида Украинага қарши ҳарбий амалиётларда қатнашгани учун уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда суд қарорига асосланиб, Uznews.uz хабар берди.
Иш материалларига кўра, Пахтачи туманида яшовчи А.Х. 2019 йили Россияга ишлаш учун кетган. Икки йилдан сўнг у Россияда гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, жазони ўташ учун Челябинск вилоятидаги қаттиқ тартибли колонияга жўнатилган.
Қамоқхонада бўлганида 2024 йили А.Х. Россия ҳуқуқ-тартибот органларидан Украинага қарши ҳарбий амалиётларда иштирок этиш таклифини олади. Бунинг эвазига унга қамоқдан озод этилиши, Россия фуқаролиги берилиши ва пул мукофоти ваъда қилинган. Ўзбекистон фуқароси рози бўлган.
Озодликка чиққанидан сўнг у Луганскда ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва кейин Россия қуролли кучлари сафига жангга жўнатилган. Луганск, Запорожье, Херсон ва Курск вилоятларида жанг қилган. Ана шундай жанглардан бирида А.Х. яраланиб, Москвадаги касалхонага ётқизилган.
Даволанишдан сўнг, 2025 йил март ойида у Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган ва у ердан ватанига қайтиш учун янги ҳужжатлар олган. 28 март куни А.Х. Ўзбекистонга келиб, ички ишлар органига таслим бўлган.
Суд жазо тайинлашда бир қатор енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган. Жумладан, судланувчининг айбига тўлиқ иқрор бўлгани ва пушаймонлиги, Ўзбекистонда муқаддам судланмагани, молиявий аҳволи оғирлиги ва ўз ихтиёри билан таслим бўлгани.
Суд томонидан А. Х. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида («Ёлланиш») назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Жазо умумий режимдаги колонияда ўталади.
ℹ️ Ўзбекистон фуқароларининг 154-модда бўйича судланганлиги билан боғлиқ яна бир қанча ҳолатлар аввали ҳам фош бўлганди. Жумладан, 55 ёшли наманганлик фуқаро Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, Россия армиясида бир муддат хизмат қилгани учун икки йилга озодликдан маҳрум этилган. Бухоро вилоятида туғилган 32 ёшли фуқаро Луганск вилоятидаги жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган.