Қирғизистонликлар ўлим жазосини тиклаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасига жалб қилинди

Қирғизистон парламенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон президенти Администрацияси мамлакат Конституциясига ўлим жазосини жорий этиш бўйича ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Асосий қонуннинг 25-моддасига қуйидаги мазмундаги ўзгартириш киритиш таклиф этилди: «Ҳар ким ажралмас яшаш ҳуқуқига эга. Инсон ҳаёти ва соғлиғига нисбатан ҳар қандай суиқасдга йўл қўйиб бўлмайди. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ҳаётдан маҳрум этилиши мумкин эмас. Ўлим жазоси қонун билан фақат болаларни зўрлаш ва зўрлаш билан боғлиқ қотиллик учун белгиланиши мумкин».

Қонун лойиҳасини асословчи ҳужжатда сўнгги пайтларда Қирғизистонда аёллар ва болаларга нисбатан ўта оғир жиноятлар, жумладан, зўрлаш ва қотиллик ҳолатлари кўпайиб бораётгани қайд этилган. Оммавий ахборот воситаларида бундай жиноятлар ҳақидаги хабарлар шу қадар одатий ҳолга айланиб бормоқдаки, улар энди жамиятни ларзага келтирмай қўйган.

«Болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик қилган ҳар қандай шахс энг қаттиқ ва адолатли жазога дучор бўлиши ва у жамиятдан четлаштирилишига оид аниқ чизиқни белгилаш вақти келди.

Сўнгги бир неча йил ичида болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ оғир жиноятлар жамиятни энг олий жазо бўлмиш ўлим жазосини қайта тиклаш ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда. Ҳозирги босқичда болалар ва аёллар ҳаёти ва соғлиғини ўлим жазоси ва адолатли қасос таҳдидисиз ҳимоя қилиб бўлмай қолди», — дейди қонун лойиҳаси муаллифлари.

Қирғизистонликлар ҳужжат остида изоҳ қолдира бошлаганлар. Ўлим жазосини қўллаб-қувватловчилардан фарқли ўлароқ, чора мухолифлари ўз фикрларини асослашади. Улар бегуноҳ шахснинг қатл этилишига сабаб бўладиган суд ҳукми чиқарилиши хавфидан хавотирда эканини билдирадилар. Шарҳларда Қирғизистоннинг суд ва ҳуқуқ-тартибот тизимларига чуқур ишончсизлик билдирилган. Ўлим жазосини жорий этишнинг мажбурий шартлари сифатида очиқ суд жараёнлари, ишларнинг боришини кузатиш учун мустақил оммавий ахборот воситалари ва барча тиббий кўрикларнинг шаффофлиги келтирилади.

ℹ️ Ўлим жазосини жорий қилувчи қонун лойиҳаси Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг илтимосига кўра тайёрланган. Бунга кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган 2025 йил сентябрь ойи охирида 17 ёшли Ойсулу Мукашеванинг ўлдирилиши бўлди. Жиноятни содир этишда гумон қилинувчи, 1984 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс қўлга олинган. Президент терговни шахсан назоратга олган.

Қирғизистонда 1998 йили қатлларга мораторий эълон қилинганда, жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинган, бироқ судлар узоқ вақт давомида ўлим жазоси ҳукмини чиқаришда давом этган. 2007 йили ўлим жазоси амалда бекор қилинди, ўшанда у умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Бунгача 2006 йили Қирғизистон Конституциясидан ўлим жазоси ҳақидаги эслатма олиб ташланди, 2010 йили эса мамлакат ўлим жазосини тақиқловчи ва уни қайтадан жорий қилмаслик мажбуриятини олган халқаро протоколни ратификация қилган. Уни қайта тиклаш учун мамлакат Асосий қонунига ўзгартиришлар киритиш ва референдум ўтказиш талаб қилинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ