Осиё тараққиёт банки (ОТБ) давлат сектори самарадорлигини ошириш, иқтисодий бошқарувни рағбатлантириш ва мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини жадаллаштиришда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади, деб хабар беради ОТБ матбуот хизмати.
Кредит Иқтисодиётни бошқариш тизимини такомиллаштириш дастури (2-босқич) доирасида тақдим этилган бўлиб, у илгари бошланган ислоҳотларни давом эттиради ва мамлакатнинг иқтисодий муҳитини янада рақобатбардош, инклюзив ва барқарор қилишга қаратилган институционал чора-тадбирларнинг янги авлодини қўллаб-қувватлайди.
ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая ОТБ стратегик ҳамкор сифатида Ўзбекистон ҳукуматини иқтисодиётни модернизация қилиш йўлида қатъий қўллаб-қувватлашини ҳамда Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш ва жаҳон иқтисодиётида янада чуқурроқ иштирок этиш сари интилаётган мамлакатнинг тўлиқ салоҳиятини очиб берадиган ислоҳотларни илгари суриш тарафдори эканини таъкидлади.
Дастур аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олади:
▪️ Давлат-хусусий шериклик (ДХШ)да давлат инвестицияларини тартибга солувчи ягона қоидаларни қабул қилиш;
▪️ Рақобатни кучайтириш ва инвестицияларни бошқаришни такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатларини қабул қилиш;
▪️ Бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, гендер вакиллик мақсадларини белгилаш ва молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш мажбуриятини юклаш орқали давлат корхоналарини бошқаришни модернизация қилиш.
Ислоҳотлар солиққа тортиш базасини кенгайтириш ва солиқ соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам қаратилган. Коррупцияга қарши курашиш мақсадида манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун қабул қилинади, аудит тизимлари модернизация қилинади. Дастур шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш учун миллий қонунчиликни жаҳон савдо ва инвестиция стандартларига мослаштиришга чақиради.
Дастурда ислоҳотларнинг ижтимоий таъсири ҳам ҳисобга олинган. Ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига иқтисодиётни қайта қуриш таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар киритилган. Бу кафолатлар ислоҳотлар самарасининг адолатли тақсимланишини таъминлаши ва узоқ муддатли ижтимоий ҳамжиҳатликка кўмаклашиши керак.
2025 йили ОТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йиллиги нишонланади. 1995 йили банкка қўшилганидан буён республика ОТБдан 14,6 миллиард доллар кредит, грант ва техник ёрдам олган.