Покистон ҳукумати чегарадаги можаролар фонида афғон муҳожирларига босимни кучайтирди

tass.ru сайти фотосурати

Покистон ҳукумати афғон муҳожирларини мамлакатдан мажбуран чиқариб юбориш бўйича кенг кўламли кампания бошлади. Масалан, Кветта шаҳрида хавфсизлик кучлари муҳожирларга уйларини тарк этишлари учун бир ҳафта муҳлат берган. Акс ҳолда, чет элликлар жарима ва ҳибс билан таҳдид қилинмоқда, деб хабар беради Khaama.com.

Полиция комиссари ўринбосари Мансур Аҳмад Афғонистон фуқароларига уйлари ва дўконларини бўшатишлари учун етти кун муҳлат берилганини тасдиқлади. Бу муддатдан сўнг қаттиқ текширувлар бошланади. Топшириқни бузганлар жавобгарликка тортилади. Покистон расмийлари ўз ҳаракатларини ноқонуний қочқинларга қарши кураш кампаниясининг бир қисми сифатида тушунтирмоқда.

Маҳаллий матбуотга кўра, ўтган ҳафта чегара кескинлашувининг навбатдаги босқичидан сўнг афғонларга нисбатан босим кучайган. Эслатиб ўтамиз, бир нечта назорат-ўтказиш пунктларида қуролли тўқнашувлар содир бўлган, сўнгра ҳаводан зарбалар берилган. Бунинг оқибатида ҳар икки томондан ўнлаб қурбонлар бўлган. Бироқ, тез орада Афғонистон ва Покистон расмийлари вақтинчалик ўт очишни тўхтатишни эълон қилди.

Айни пайтда Покистоннинг турли шаҳарларидан Афғонистон фуқароларига босим ўтказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Мамлакат жанубидаги Карачи шаҳрида хавфсизлик кучлари қочқинлар яшайдиган манзилгоҳлардаги уйларни бузиб ташламоқда. Чет элликлар ерни қонуний йўл билан олганликларини даъво қилишса-да, маҳаллий амалдорлар уларни эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ер эгаллаб олишнинг олдини олиш баҳонасида афғон аҳолисини ҳайдаб, биноларини вайрон қилишмоқда.

Карачи полициясига кўра, биргина 15 октябрь куни «Афғон тумани» деб аталадиган ҳудудда 300 дан ортиқ уй ва бир қанча дўконлар бузиб ташланган. Расмийлар қаршилик кўрсатган муҳожирлар қўлга олинганини қўшимча қилиб, операцияни давом эттиришга ваъда беришмоқда.

Полиция томонидан вайрон қилинган қочқинлар лагерида 3000 га яқин уй бор, уларда 15 000 афғон истиқомат қилади. Бироқ, қўшниларининг сўзларига кўра, янги келганларнинг кўпчилиги аллақачон юртига қайтишган ва ҳозирда бу ҳудудда 1500 нафарга яқин хорижлик бор.

Покистон Мудофаа вазири Хаважа Осиф вазият юзасидан баёнот бериб, Афғонистондаги вазият ўзгаргани, шу сабаб қочқинлар ватанига қайтишлари талаб қилинишини билдирди. Исломобод, шунингдек, ўнта афғон қочқинлар лагерини ёпиш ва хорижликлар мулкини давлатга ўтказишга қарор қилган.

2021 йили «Толибон»* ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, миллионлаб афғонлар қўшни Покистонга қочиб ўтишган. Улар радикаллар томонидан таъқиб қилиниши, ҳаёт сифатининг кескин ёмонлашиши ва инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилишидан қўрқишган.

Бироқ, вақт ўтиши билан хорижда бошпана тополмаган афғонлар ватанига қайтишмоқда. БМТ маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўзида Эрон ва Покистондан 2 миллиондан ортиқ афғон ортга қайтган ва бу Афғонистондаги гуманитар инқирозни янада кучайтирган.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ