РФА Шарқ қўлёзмалари институти директори: «Ислом цивилизацияси марказини кўргазмалар учун муносиб жой деб биламиз»

Ирина Попова . ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.

— Сиз Ислом цивилизацияси марказидаги кўргазмаларни ривожлантиришда фаол иштирок этяпсиз. Натижалар ҳақида қандай фикрдасиз?

— Бир сўз билан айтганда, ажойиб. Бу кўплаб одамлар — мутахассислар, музей ходимлари, тадқиқотчилар ва рассомлар улкан меҳнатининг натижасидир. Бу ерда ҳамкорликдаги ишлар уйғунлашган ва ростдан ҳам инсонни ҳайратга солади. Бир томондан, биз Ислом цивилизацияси марказини улкан меҳнат маҳсули сифатида кўрсак, иккинчи томондан, унинг ёндашуви чинакам кенг қамровли: Ўзбекистон тарихи ўзининг келиб чиқишидан то энг юксак чўққиларигача тақдим этилган. Қолаверса, лойиҳада катта миллий ва ватанпарварлик ғояси ўзида мужассамлашган – бу ерда истиқомат қилаётган халқнинг буюклигини яна бир бор тасдиқлайди. Бу марказга келган ҳар бир кишида ғурур туйғусини уйғотади.

Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, кўргазма турли ёшдаги ва кўникма даражалари учун мўлжалланган. Бу ерда мутахассислар, қизиқувчилар ва болалар учун кўриш ва ўрганиш учун жуда кўп нарса бор. Даврни том маънода «ўз кўзинг билан кўриш» имконини берувчи интерактив зоналар мавжуд. Бу тўғри ёндашув: бу ерда инсон ўзини дунёнинг бир қисми сифатида ҳис қилади. Давлат президент кўмагида илм-фаннинг гуманитар таркибий қисми: тил, тарих ва диний маданиятни ўрганишни жонлантириши ва қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Шундай шароитда янги авлод вояга етмоқда. Баъзи мамлакатлар, афсуски, ёшларини йўқотдилар — абадий бўлмаса, анча узоқ вақтга. Гуманитар фанларга эътибор берилмаса, келажак ҳам бўлмайди. Шу маънода Марказ шунчаки музей эмас, балки келажакка сармоядир: ўтмишни ўрганиб, келажакни яратамиз.

— Дарвоқе, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Бош Ассамблеяда нутқ сўзлаб, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини алоҳида таъкидлаган эди. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

— Бу жуда тўғри фикр. Бутун дунёда исломга муносабат турлича, унинг инсонпарварлик моҳиятини — севги, дўстлик ва меҳр-шафқатга даъват этишини ёритиш янада муҳимдир. Исломнинг бу жиҳатини тушуниш унинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини холис баҳолаш зарур. Бундай муҳташам марказнинг ташкил этилиши, айнан шундай ғояни етказишга ёрдам беради.

— Коллекциялар ҳақида. Гастрономияда «Мишленнинг уч юлдузли» ресторани каби, «айнан ташриф буюришга арзийдиган» артефактлар борми?

— Умуман олганда, ҳар қандай музей предмети ўзига хосдир. Бу ерда оригинал экспонатлар тақдим этилган; мен коллекциянинг неча фоизи реплика эканлигини сўрадим — тахминан 10% ва бу яхши нисбат. Шахсан мени Сўғд туморлари ва Буюк Ипак йўли цивилизацияси билан боғлиқ барча нарсалар алоҳида қизиқтирди. Сўғдийлар йўллар бўйлаб асосий воситачилар бўлган. Бу ришталар жуда аниқ тасвирланган: қадимги колониялардан қоғоз ва ипакчиликгача. Бу менинг касбий қизиқишларимга яқин — мен бу даврни, яъни ўрта асрлар Хитойини ўрганаман ва бу ерда биз шимолий ва жанубий йўналишлар қандай ривожланганини, сўғдлар ўйнаган ролини аниқ кўрамиз. Қисман хитой манбаларидан маълум бўлган Чоч (Тошкент) тарихи ҳам кўрсатилган. Бундай шаҳарлар учун халқаро илмий эътироф муҳим аҳамиятга эга ва Марказ буни кучайтирмоқда. Хитойдан биринчи махсус элчихоналар жўнатилган «самовий отлар» бўлими ҳам жуда қизиқ: кўргазмали ва мазмунан таъсирчан. Шунингдек, мен «ренессанслар» ва замонавийлик — улуғвор тарихнинг бугунги кундаги аксига яқиндан назар ташламоқчиман.

— Қўлёзмалар-чи? Жумладан, Қуръоннинг ноёб нусхалари борми?

— Ҳар бир қўлёзма ўзига хосдир: матн бир хил, лекин қўлёзма, дизайн ва жилд ҳар бир нусхага ўзига хосдир. Аммо факсимилация ҳам ажойиб амалиётдир. Усмон томонидан яратилган ноёб Қуръоннинг факсимил нашри саҳифалари И. Ю. Крачковский зийраклиги сабаб, қандай қилиб Ленинграддаги Шарқшунослик институтига келиб қолгани бир мисол. Сўнгги йилларда бу ерда, шахсий тўпламларда яна бир нечта саҳифалар топилди. Ҳозирда бизга маълум саҳифаларнинг тўлиқ корпуси нашр этилган, аммо қаердадир бу каби топилмалар учраши эҳтимолдан ҳоли эмас.

— Марказ кўргазма учун республика ташқарисидаги коллекциялардан ноёб қўлёзмалар асл нусхаларини олиши мумкинми?

— Доимий асосда —йўқ: Шарқ қўлёзмалари институти каби муассасалар миллий бойликларни асраб-авайлайди. Бироқ, барча сақлаш шартлари ва ҳуқуқий тартиб-тамойиллар бажарилган тақдирда, вақтинчалик кўргазмалар уюштириш мумкин.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ