ИЦМ кутубхонасидан Эрдоған совғалари ва Қуддусдан келтирилган қўлёзмалар ўрин олди

ИЦМ кутубхонаси. cisc.uz сайти фотосурати

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) кутубхонаси фондида 35 мингга яқин китоблар, жумладан, хорижий ҳамкорлар томонидан тақдим этилган нашрлар мавжуд, дея хабар беради марказ матбуот хизмати.

«Кутубхона ва архив ҳужжатлари» бўлими бош мутахассиси Мавлуда Каримованинг сўзларига кўра, хориждан, жумладан, Буюк Британия, Туркия, Миср, Эрон ва бошқа мамлакатлардан юзлаб ноёб китоблар ва факсимил нашрлар совға қилинган.

«Ислом мероси жамғармаси – «Ал-Фурқон» фондидан бизга катта ҳажмдаги китоблар коллекцияси келтирилган. Ушбу китобларда қўлёзмалар ҳақида зарур маълумотлар жамланган. Шунингдек, Қуддусдан, Миср кутубхоналари ва архивларидан келтирилган манбалар ҳам мавжуд. Бундан ташқари, Эрондан келтирилган 45 томлик «Эрон қўлёзмалар каталоги» кутубхона фондидан ўрин олган. Энг қизиғи, бу қўлёзмалар орасида Ўзбекистон заминига тааллуқли асарлар, яъни бизнинг алломаларимиз томонидан ёзилган қўлёзмалар ҳам мавжудлиги қайд этилган. Бундан ташқари, бу ерда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған томонидан туҳфа этилган факсимиле китоблар ҳам бор», — дейди Каримова.

Ҳозирда кутубхонадаги иш жараёнлари қизғин кетмоқда: қабул қилинган ноёб нашрлар жойлаштирилмоқда ва хавфсизлик борасида RFID технологияси асосида чип ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ