Ўзбекистонда геология соҳасида Колорадо кончилик мактаби иштирокида Компетенциялар маркази очилади

msudenver.edu сайти фотосурати

Ўзбекистонда геология соҳасида тадқиқот ва амалий фаолиятни бирлаштирувчи Компетенциялар маркази ташкил этилади. Муассаса Колорадо кончилик мактаби каби халқаро ҳамкорлар ёрдамида барпо этилади. Тегишли идоралар расмийлари лойиҳани 27 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этишди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Тақдимотда Америка университети кончилик соҳасида дунёдаги етакчи марказлардан бири экани таъкидланди. Бироқ, ушбу лойиҳада бошқа қайси халқаро ташкилотлар иштирок этаётгани ҳозирча номаълум.

Марказнинг асосий вазифалари қидирув ишларига рақамли ечимлар, сунъий интеллект ва аэро-геофизик технологияларни жорий этишдан иборат бўлади. Илғор хорижий тажрибага асосланиб, маълумотларни рақамли шаклда таҳлил қилиш, геокимёвий ва космогеологик тадқиқотлар натижаларини интеграциялаш ҳамда истиқболли конларни аниқлашни тезлаштиришга хизмат қилади.

Йиғилишда мамлакат геология тизимини замонавий илмий ва технологик асосда ривожлантириш, қазилма бойликлар бўйича ресурс базасини кенгайтириш ҳамда минерал хомашёни чуқур қайта ишлашни таъминлаш долзарб вазифа экани таъкидланди.

Дунё тажрибаси геология-қидирув ишларини ўтказиш мураккаб бўлган ҳудудларда ҳам сунъий интеллект ёрдамида янги конларни аниқлаш мумкинлигини кўрсатаяпти. Бу борада регионал тадқиқотларни кенгайтириш ва замонавий геофизик усуллардан фойдаланиш қўл келади.

Расмийлар ҳисоботларини тинглагандан сўнг, давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллади ва халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, илғор технологияларни фаол жорий этиш, истиқболли соҳаларни аниқлаш ва ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Колорадо кончилик мактаби билан ҳамкорлик масаласи шу йилнинг сентябрь ойида Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи давомида муҳокама қилинган эди. Ўшанда томонлар Ўзбекистон Геология фанлари университети базасида Компетенция марказини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди.

Марказий Осиё республикаси раҳбари ва Америка бизнес вакиллари ўртасидаги учрашувдан сўнг, Traxys компанияси Ўзбекистондаги муҳим минерал конларни қидириш ва ривожлантириш лойиҳаларига 1 миллиард доллар сармоя киритиши эълон қилинганини қўшимча қиламиз.