Ўзбекистон Фуқаро авиацияси агентлиги энди давлат бюджетидан молиялаштирилмайди

uzcaa.uz сайти фотосурати

2026 йил 1 январдан бошлаб, Республика Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигини («Ўзавиация») сақлаш учун Ўзбекистон давлат бюджетидан ажратмалар бекор қилинади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 октябрь куни чиқарган фармонида сўз юритилади, деб хабар беради Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.

Ҳужжатда жорий йил якуни ва келгуси йиллар учун «Ўзаэронавигация» маркази ДУК соф фойдасидан Фуқаро авиацияси агентлигини ривожлантириш жамғармасига йўналтириладиган 20 фоиз ажратма бекор қилиниши таъкидланган.

Шу билан бирга, Президентнинг «Фуқаро авиацияси соҳасидаги давлат сиёсатини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ушбу соҳани 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий мақсадлари белгилаб берилган.

Булар қуйидагиларни ўз ичига олади:

✅ ҳаво транспортида ташилган йўловчилар сонини 24 миллион кишига етказиш;

✅ халқаро ва ички рейслар сонини йилига 200 мингтагача ошириш;

✅ Ўзбекистон авиакомпанияларига тегишли самолётлар паркини 180 тага етказиш.

«Ўзавиация» агентлиги сайтида жойлаштирилган очиқ молиявий ҳисоботларга кўра, агентликнинг 2024 йилги харажатлар сметасининг қиймати 5,1 миллиард сўмдан (422 500 доллар) ошган. Ушбу маблағларнинг 3,2 миллиард сўмдан (265 000 доллар) ортиқ қисми ходимларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга ажратилган. Бундан ташқари, 1 миллиард сўмдан (тахминан 83 000 доллар) ортиқ маблағ «Бошқа харажатлар» сифатида таснифланган.

15 октябрь куни янги Тошкент аэропорти пойдеворининг тамал тошини қўйиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фуқаро авиациясини ривожлантириш истиқболларини баён қилди. У сайёҳлар оқимининг кўпайиши ташувчилар ўртасидаги рақобатни кучайтиришда давом этаётганини таъкидлади. Ўн бешта янги авиакомпания пайдо бўлди. Уларнинг авиапаркидаги ҳаво кемалари сони 26 тадан 105 тага етди. Келгуси йилларда авиапаркдаги ҳаво кемалари 180 тага, йўналишлар 230 тага, маҳаллий ва халқаро авиақатновлар сони эса йилига 200 мингга етказилади.

«Ушбу ислоҳотларимизнинг пировард натижасида Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз», — дея хулоса қилди давлат раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ