Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов вафот этди

Ёқуб Аҳмедов. zamin.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон халқ артисти, театр санъати устаси Ёқуб Аҳмедов 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбек Миллий академик драма театри ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

Аҳмедов ўзбек саҳнасининг таниқли намояндаларидан бири бўлиб, кўплаб спектакл ва фильмларда роллар ижро этган.

У 1938 йили Наманганда туғилган. 1959 йили Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтини (ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти) тамомлаган. 1958 йилдан бошлаб санъаткор Ҳамза номидаги академик драма театрида (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) ишлаган. Аҳмедов республика театр санъати тарихида ўчмас из қолдирди, 50 га яқин унутилмас саҳна ролларини яратди.

1990 йиллар охирларида у театр директори бўлди ва бу лавозимда 2013 йилгача ишлади. 2015 йили устоз санъаткор «Актёрлик мактаби» студиясини ташкил этди ва у ерда бир неча авлод истеъдодли ёшларга сабоқ берди.

Аҳмедов ҳаётининг улкан қисми кино билан боғлиқ бўлди. Фаолияти давомида у юзлаб фильмларда, жумладан, «Мафтунингман», «Али Бобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари», «Фурқат», «Ўтган кунлар», «Шайтанат» ва бошқа фильмларда рол ўйнаган. Шунингдек, у фильмларни ўзбек тилига дубляж қилишда фаол иштирок этган, 400 дан ортиқ фильм қаҳрамонларига овоз берган.

1974 йили Аҳмедов Ўзбекистон ССР халқ артисти, 1990 йили эса СССР халқ артисти унвонларига сазовор бўлган. Шунингдек, у «Дўстлик» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳибидир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ