ОФК «Аркадаг» стадионида Чақирув лигаси ўйинлари ўтказилишини тақиқловчи қарорини қайта кўриб чиқди

«Аркадаг» стадионидаги ўйиндан лавҳа. the-afc.com сайти фотосурати

Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) Туркманистонда иккинчи ОФК Чемпионлар лигаси ўйинларини ўтказишни тақиқлаш қарорини қайта кўриб чиқди ва 5 ноябрь куни «Аркадаг» ФКга ўз уй стадионида Қатарнинг «Ал-Аҳли» жамоаси билан ўйнашига рухсат берди. Бу ҳақда «Фарғона» нашрига вазиятдан хабардор манба маълум қилди.

Манбанинг сўзларига кўра, ОФК жорий йил сентябрь ойи ўрталарида «Ахал» ФКнинг Иорданиянинг «Ал-Ҳусайн» жамоасига қарши ўйинидан (1-4) сўнг «Аркадаг» стадиони ҳақида огоҳлантириш берган. Ўша пайтда майдондаги майсазорни алмаштириш таклиф қилинган. Талаб шошилинч, турли хил майсазорларни ётқизиш орқали қондирилган. Бу эса майдон сатҳининг ўзгаришига, спортчилар учун хавфли бўлишига олиб келган.

Натижада «Андижон» жамоаси ҳатто «Аркадаг»га қарши ўйинда майдонга тушишдан бош тортган, аммо дисквалификация таҳдиди остида ўйнашга мажбур бўлган (0-0). Ушбу ўйиндан сўнг ОФК ушбу стадионда ўйинларни тақиқлаш борасида қарор қабул қилган. Шунинг учун «Ахал» кейинги уй ўйинини Эронда ўтказган.

«Аркадаг» Қатарнинг «Ал-Аҳли» жамоасига қарши ўйинни Қатарда ўтказиш бўйича музокараларни бошлаган ва шу билан бирга ОФК билан муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилган. Охир-оқибат, Туркманистон футболи расмийлари майдонни тўғри ҳолатга келтириш шарти билан ОФК расмийларини «Аркадаг»га ўз стадионида ўйнашга рухсат беришига кўндиришган.

Таъкидлаш жоиз, «Аркадаг» стадиони бу йил яна иккита ўйинни қабул қилиб олиши режалаштирилган: «Аркадаг» 5 ноябрь куни «Ал-Аҳли» ва 24 декабрь куни Баҳрайннинг «Ал-Холидия» жамоасига қарши ўйнайди. «Ахал»нинг уй ўйинлари қолмаган, чунки Ҳиндистоннинг «Моҳун Баган» жамоаси дисквалификация қилинган ва турнирдан четлаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ