Саудия Арабистонининг Riyadh Cables Group компанияси Тошкентда юқори волтли кабел ишлаб чиқариш заводини қуради. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизматининг маълумотларига кўра, мазкур корхонага йўналтириладиган инвестицияларнинг умумий қиймати 122 миллион долларни ташкил этади.
Режага кўра, завод йилига 24 000 тоннагача кабел ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади ва 340 та иш ўрни яратилади.
ИССВ пойтахтда завод очилиши Саудия Арабистони ишбилармонлари ва вазирлик ўртасида имзоланган шартнома билан белгилаб қўйилганини таъкидлайди. Келишув Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Яқин Шарқ давлатига ташрифи доирасида тузилди.
Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари Саудия Арабистони Инвестиция вазири Холид ал-Фалиҳ ва қиролликнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан ҳам музокаралар олиб боришган. Томонлар қуйидаги соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишган:
✅ Саноат;
✅ Энергетика;
✅ Инфратузилма;
✅ Соғлиқни сақлаш;
✅ Меҳнат миграцияси.
Бундан ташқари, энергетика, сув таъминоти, ахборот технологиялари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 20 дан ортиқ қўшма лойиҳаларни қамраб олувчи Амалий ҳаракатлар режаси тасдиқланган.
 
	 
			 
			 
			 
			 
			 
			


