АҚШ ва Тожикистон «C5+1» саммитида 3 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги битимлар тузди

Дональд Трамп ва Эмомали Раҳмон. Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қўшма Штатлар ва Тожикистон 3 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги тижорат битимларини тузди. «Марказий Осиё-АҚШ» саммити доирасида икки мамлакат президентлари Дональд Трамп ва Эмомали Раҳмон мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилди, деб хабар беради АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати.

Департаментнинг таъкидлашича, Тожикистоннинг «Сомон Эйр» авиакомпанияси Американинг Boeing корпорацияси билан самолётлар ва авиацияни қўллаб-қувватлаш тизимларини сотиб олиш бўйича йирик келишувга эришган. Дастлабки маълумотларга кўра, томонлар 3,2 миллиард долларлик шартнома имзолайдилар. Буюртма Қўшма Штатларда тахминан 11 500 иш ўрни яратади. Давлат департаментининг қўшимча қилишича, ушбу қўшма лойиҳа Тожикистон ҳукуматининг АҚШ аэрокосмик технологияларига бўлган ишончини намойиш этади.

Марказий Осиё республикаси вакиллари Transparent Earth билан Тожикистон иқтисодиётининг кончилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ташаббусларни амалга оширишда техник ёрдам кўрсатишга оид шартнома имзоладилар. Хусусан, лойиҳа масофавий зондлашга, жумладан, муҳим минералларни қазиб олиш мумкин бўлган соҳаларга тегишли. Битим қиймати 32,5 миллион долларга баҳоланмоқда.

Coca-Cola Душанбедаги заводига қўшимча 9 миллион доллар сармоя киритишга қарор қилди. Бу пойтахтда машҳур бренд остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва турларини кенгайтиради.

Бундан ташқари, бир қатор IТ лойиҳалари ҳақида хабарлар мавжуд. Масалан, Тожикистон мамлакатга рақамли инфратузилма тақдим этилиши борасида Starlink билан ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Perplexity AI ва Zypl AI компаниялари Тожикистондаги давлат идоралари учун мослаштирилган сунъий интеллект (СИ) асосида ишлайдиган браузерни жорий этиш лойиҳасида иштирок этишини тасдиқладилар.

Шу билан бирга, Zypl AI компанияси SuperMicro ва Cerebris билан биргаликда мамлакатда жойлашган маълумотлар марказлари учун СИ инфратузилмасини ривожлантириш ниятида. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатга Марказий Осиёда IТ хизматлари ва сунъий интеллект технологиялари экспортида етакчи бўлиш имконини бериши мумкин.