Тошкентда «Марказий Осиёда маънавий мерос ва маърифатпарварлик» мавзусида халқаро конгресс бўлиб ўтади

Ислом цивилизацияси маркази. cisc.uz сайти фотосурати

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жорий йилнинг 13-15 ноябрь кунлари «Марказий Осиёда маънавий мерос ва маърифатпарварлик» мавзусида халқаро конгресс бўлиб ўтади. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.

Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари билан дастлабки йиғилишда конгресс дастурининг асосий йўналишлари, жумладан, илмий ва маданий тадбирлар мазмуни, панел муҳокамалари мавзулари ва кўргазма лойиҳалари муҳокама қилинди. Конгресс дастури доирасида ёшлар форуми, маданий кўргазмалар ва «Марказий Осиё: буюк ўтмиш — буюк келажак» мавзусидаги бадиий экспозиция ҳам ташкил этилади.

«Бу халқаро форум илм-фан, тарих, маданият, санъат, кино, музейшунослик ва кутубхона иши учун муҳим майдон бўлади. Энг муҳими, бу йилги анжуманда 300 га яқин хорижий ва маҳаллий олимлар илк бор Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказини кўриш имконига эга бўлади», — деди тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова.

Бундан ташқари, «Марказий Осиё маънавий мероси» номли махсус илмий тўплам тайёрланаётгани маълум қилинди. Унда минтақа мамлакатларида сақланаётган қўлёзма мероси, маърифатпарварлик ғоялари ва уларнинг замонавий таҳлилига бағишланган илмий мақолалар жамланади.

Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Марказий Осиё халқаро институти ҳамда Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида ўтказилади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

  • Шарқ музейининг Ўрта Осиё зали бўйлаб видеосаёҳат

  • Тошкентдаги Human House арт-майдонининг яратувчилари ўз уйларини бузилишдан сақлаб қола оладиларми

  • 9 май куни Ўзбекистон телеканаллари янги ҳарбий-тарихий фильмларни намойиш этади

  • Ўзбек мусиқачилари уйда ўтириб Равелнинг «Болеро» асари ижросини ёзишди