Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (IRSICA) турли даврларда Ўзбекистонда яшаган ислом олимларига бағишланган кўп жилдли энциклопедия яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳани амалга оширмоқда. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.
Муаллифларни танлаш, илмий кенгаш тузиш ва ушбу нашр концепциясини аниқлаш бўйича биринчи қўшма йиғилиш яқинда Тошкентда бўлиб ўтади.
Энциклопедияни яратиш тўғрисидаги қарор Истанбулда ИЦМ директори Фирдавс Абдухолиқов ва IRCICA бош директори Маҳмуд Эрол Қилич ўртасида бўлиб ўтган учрашувда қабул қилинган.
IRSICA шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар, маданий ва таълим ташаббуслари ҳамда сўнгги йилларда амалга оширилган қўшма лойиҳаларга бағишланган махсус китоб-альбом тайёрлашни таклиф қилди.
Томонлар IRSICA ва ИЦМ ўртасидаги самарали ва узоқ муддатли ҳамкорликни таъкидлаб, унинг фан ва маданият соҳасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига урғу бердилар. Учрашувдан сўнг, Фирдавс Абдухолиқов Маҳмуд Эрол Қилични 2026 йил март ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимига таклиф қилди.
ℹ️ IRSIСA — 57 мамлакатни бирлаштирган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) халқаро тадқиқот маркази ҳисобланади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



