Давид Акопян Туркманистон байроғи билан. Ислом бирдамлик ўйинлари ташкилотчилари матбуот хизмати фотосурати
Туркманистон Ислом бирдамлик ўйинларидан барча спортчиларини ҳеч қандай сабабсиз чақириб олди, фақат очилиш маросимида Туркманистон байроғини ёлғиз кўтариб олган сузувчи Давид Акопян бундан мустасно бўлди. Бу ҳақда Gundogar хабар берди.
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган VI Ислом бирдамлик ўйинларида 66 нафар туркман спортчиси енгил атлетика, бокс, карате, муай-тай, сузиш, волейбол, кураш, оғир атлетика, шунингдек, параатлетика ва парапауэрлифтинг бўйича иштирок этиши режалаштирилган эди. Туркманистон жамоаси аъзоларининг аксарияти старт протоколига киритилган бўлган, бу эса ташкилотчилар учун уларнинг чақириб олиниши кутилмаган ҳодиса бўлганини кўрсатади. Масалан, оғир атлетика ва кураш турларида баъзи туркман спортчилари фаворитлар ҳисобланган.
Таққослаш учун, Ўзбекистонни 194 спортчи, Қозоғистонни 99, Қирғизистонни 90 ва Тожикистонни 65 спортчи ҳимоя қилди.
Туркманистонлик ягона спортчи Давид Акопян учта мусобақада (50 ва 100 метрга баттерфляй сузиш, 200 метрга индивидуал аралаш сузиш) иштирок этди, аммо сезиларли натижаларга эриша олмади.
Туркманистон спорт расмийлари кўпинча ғалати қарорлар қабул қилишади. Масалан, футзал бўйича миллий терма жамоа қуръа ташлашдан сўнг кутилмаганда 2024 йилги Осиё кубоги саралаш босқичидан чиқиб кетди, кейинчалик улар икки йилга дисквалификация қилинди. Туркманистонлик спортчиларга мунтазам равишда сабаби тушунтирилмаган ҳолда уларнинг мамлакатдан четга чиқиши тақиқланади.



