Россия қамоқхонасидан МҲОга юборилган ўзбекистонлик йигит ўз ватанида судланди

tatar-inform.ru сайти фотосурати

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани жиноят ишлари бўйича суди Россия армиясида жанг қилган 22 ёшли маҳаллий фуқаро K.E.ни тўрт йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди. Ўзбекистонлик ёлланиш моддаси бўйича айбдор деб топилди, деб хабар беради UzNews.uz суд ҳукмига таяниб.

Тергов маълумотларига кўра, К.Е. 2021 йили Россияга ишлаш учун борган. Ўша йилнинг декабрь ойида йигит гиёҳванд моддалар билан ҳибсга олинган, полиция унинг тақиқланган моддаларни етказиб берувчи курьер сифатида ишлаётганини аниқлаган.

Ўзбекистон фуқароси тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У жазони ўташ учун Нижний Тагилдаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясига юборилган.

Маҳбуснинг сўзларига кўра, 2024-2025 йиллари Россия ҳарбий тузилмалари чет эллик маҳбусларни Россия Мудофаа вазирлиги билан шартномалар тузишга ундаган. Бунинг эвазига озодлик, 1,8 миллион рубль (23 000 доллардан ортиқ) миқдорида пул мукофоти, уй-жой ва соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олиш таклиф қилинган.

К.Е. Украинадаги махсус ҳарбий операцияда (МҲО) иштирок этишдан бош тортган, аммо судланган шахснинг сўзларига кўра, у шу йилнинг январь ойида Қуролли Кучлар сафига мажбуран юборилган. Дастлаб, ёлланма аскар Рязан вилоятидаги ҳарбий қисмда хизмат қилган, кейин Донецк ва Луганскда жанговар тайёргарликдан ўтган.

Йигитнинг сўзларига кўра, у жанговар операцияларда қатнашган. Февраль ойида у Украина дрони ҳужуми оқибатида яраланган.

Владивостокдаги касалхонада даволангандан сўнг, ярадор Москвага қочиб боради ва у ерда Ўзбекистон элчихонасига ватанига қайтариш илтимоси билан мурожаат қилади. Июль ойида мигрант уйига қайтиб, расмийларга таслим бўлади.

Натижада суд K.E.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси («Ёлланиш») бўйича жиноят содир этганликда айбдор деб топган. Жиноят кодексига кўра, бундай ҳаракатлар озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, аммо унинг пушаймонлиги, ижобий характерга эга экани ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олиниб, у тўрт йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Бу муддат давомида у пробация хизмати назоратида бўлади ва бир қатор чекловларга бўйсунади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ