Россия Бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, деб хабар беради Марказ матбуот хизмати.
Делегация аъзолари Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс экспозициялари, шунингдек «Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс» бўлими билан танишиб, ҳар бир бўлимдаги илмий изчиллик ва технологик ечимларни юқори баҳоладилар.
Ташриф давомида делегация марказнинг ёшларни илмий изланишга жалб қилувчи таълимий лойиҳалари, рақамли архивлар ва интерактив платформаларнинг халқаро даражадаги ишланганига алоҳида эътибор қаратди.
Денис Мантуровнинг марказ концепцияси, замонавий кўргазмалар ва тарихий меросни тақдим этишнинг илмий жиҳатдан тузилган усуллари ҳақидаги таассуротларини қайд этди.
«Бундай марказга ташриф буюргач, инсон ўзи билан бир бўлак тарихни олиб кетади. Бу шунчаки эслаб қоладиган саҳифалар эмас — қалбда яшайдиган туйғулар. Бундай марказни яратиш — янги тарих яратишдир», — деди делегация аъзоси Александр Семёнов.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



