Қозоғистондаги оммавий ахборот воситалари токи қонунни бузмас экан, Маданият ва ахборот вазирлиги уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила олишини тушуниши керак. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ)даги саҳифасида ёзган. У шу тарзда КазТАГ ва Orda.kz раҳбариятига қарши қўзғатилган жиноий ишлар ҳақида ўз фикрини билдирди.
Балаеванинг сўзларига кўра, субъектлар ўртасидаги муносабатлар ҳуқуқий тус олганда, ҳукумат аралашуви судга босим сифатида талқин қилиниши мумкин. Шу билан бирга, Маданият ва ахборот вазирлиги журналистларга қарши маъмурий ёки жиноий ишлар иложи борича шаффоф ва холис кўриб чиқилишини талаб қилади.
«Биз учун мамлакатда сўз эркинлигига ҳурмат кўрсатилиши ва барча оммавий ахборот воситалари ва ахборот тарқатувчилар қонун доирасида ишлаши жуда муҳим», – деди вазир.
ORDA.kz бош муҳаррири Гулнора Бажкеновага нисбатан тергов ишлари декабрь ойи бошида эълон қилинган эди. У «бир неча бор қасддан ёлғон маълумот тарқатишда» айбланмоқда. Суд қарори билан Бажкенова икки ойга уй қамоғига олинган.
Куни-кеча Қозоғистон телеграф агентлиги (КазТАГ) бош директори Асет Матаев ва бош муҳаррир Амир Кассеновга қарши жиноий иш қўзғатилди. Улар Freedom Finance компанияси томонидан берилган шикоят асосида гумондор деб топилган. Айбловлар агентликнинг компания раҳбарияти фирибгарлик схемалари ҳақидаги нашрлари билан боғлиқ бўлган.
КазТАГ жиноий иш «қўрқитиш мақсадида» қўзғатилган деб ҳисоблайди. Таҳририятга кўра, бу ишга президент администрацияси аъзолари ва «эски Қозоғистон» вакиллари алоқадор.



