Инсон ҳуқуқлари фаоллари Эронда икки мингдан ортиқ намойишчи ўлганини тасдиқладилар

EN-HRANA.ORG сайти фотосурати

14 январга келиб, Эронда оммавий норозилик намойишларида иштирок этганлар орасида тасдиқланган ўлимлар сони 2403 га етган. Бу ҳақда Бу ҳақда Эронда инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва унинг тарғиботи билан шуғулланувчи HRANA (Human Rights Activists News Agency) гуруҳи хабар берди.

Ўлганлар рўйхатидан 12 нафар вояга етмаган ва норозилик намойишларида қатнашмаган тўққиз нафар тинч аҳоли ўрин олган. Бундан ташқари, 147 нафар хавфсизлик ходими ва Эрон ҳукумати тарафдорлари ҳалок бўлган. Полиция ва ҳарбий кучлар билан тўқнашувларда 1134 киши оғир жароҳат олган.

Шу билан бирга, Iran International Эронда норозилик намойишларини бостириш пайтида 12 000 киши ҳалок бўлганини даъво қилмоқда. Таҳририят Олий Миллий Хавфсизлик Кенгашига яқин бўлган манбадан, президент девонидаги икки манбадан, Машҳад, Керманшоҳ ва Исфаҳон шаҳарларидаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ичидаги кўплаб манбалар ҳисоботларидан, гувоҳлар ва қурбонларнинг оилаларидан, турли шаҳарлардаги шифокорлар ва ҳамширалардан олинган маълумотларни кўриб чиққандан сўнг шундай хулосага келган.

Iran International маълумотларига кўра, қотилликларнинг аксарияти Эрон интернетни ўчириб, кўпгина оммавий ахборот воситалари фаолиятини тўхтатганидан сўнгги икки кеча — 8 ва 9 январь кунлари содир бўлган.

13 январь куни Bloomberg америкалик бизнесмен Илон Маскнинг SpaceX компанияси Эронда Starlink сунъий йўлдош хизматини бепул қилганини хабар қилди. SpaceX ҳозирча бу маълумотни тасдиқламади.

HRANA маълумотларига кўра, ўтган йил 28 декабрида бошланган норозилик намойишлари Эрон бўйлаб 187 шаҳарга тарқалган. Мамлакат бўйлаб жами 614 та норозилик намойиши қайд этилган бўлиб, улар Ислом Республикасининг 31 вилоятини, яъни барча ҳудудларини қамраб олган.

Хавфсизлик кучлари мамлакат бўйлаб намойишчиларни оммавий ҳибсга олишмоқда. Бугунги кунга қадар 18 434 киши ҳибсга олингани тасдиқланган. Эрон расмийлари ҳибсга олинганларнинг иқрорномаларини давлат телевидениесида эфирга узатишни бошлаганлар. Бундай кўрсатувларнинг тўқсон еттитаси қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ