Қирғизистон мрезидентининг матбуот котиби Аскат Алагозов россиялик телебошловчи Владимир Соловьёвнинг сўнгги баёнотларига расмий жавоб берилмагани ҳақида изоҳ берди. 10 январдаги кўрсатувида журналист Марказий Осиёни «бизники» деб атаган ва Россиянинг турли таъсир доираларида махсус ҳарбий операция (МҲО) ўтказиш имкониятини инкор қилмаган.
«Бундай баёнотларни россиялик журналист ва телебошловчининг турли мавзулардаги соатлаб кўрсатувлари давомида айтилган яна бир бўш ва бемаъни гап сифатида қабул қилиш керак. <…> Агар бундай баёнотлар парламент аъзоси ёки вазир томонидан айтилганида, бу бошқа масала эди. Унда бизнинг парламент ёки ҳукумат аъзолари томонидан жавоб берилган бўларди», — деб ёзган Алагозов.
Қирғизистон парламенти аъзоси Дастан Бекешевнинг Соловьёвни персона нон-грата деб эълон қилиш таклифига изоҳ бераркан, Алагозов бу масала кўриб чиқилишини истисно қилмади.
«Бу ерда асосий фикрни таъкидлаш муҳим: Россия ва мамлакатимиз ўртасидаги, шунингдек, Россия ва умуман Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама муносабатлар энг юқори даражада қурилган. Буни турли даражалардаги ўзаро ташрифлар, шунингдек, МДҲ, ЕОИИ ва ШҲТ каби ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик тасдиқлайди. Шу муносабат билан, мен бундай тахминларнинг асоссиз эканига ишонаман», — дейди Алагозов.
У шунингдек, Соловьёв давлат телевидениесида ишлашини ва «унинг халқлар ўртасидаги муносабатларда кескинликни келтириб чиқарадиган тушунарсиз баёнотлари, ҳеч бўлмаганда, дўстона давлатлар фуқаролари ўртасида тушунмовчиликларга олиб келишини ва баъзи ҳолларда қатъий чоралар кўрилишини талаб қилишини» таъкидлади.
«Унинг раҳбарияти тегишли чораларни кўришига умид қиламиз», — дея хулоса қилди Қирғизистон президенти матбуот котиби.
Бошқа Марказий Осиё мамлакатларидан ҳам расмий жавоб бўлмади.
Қозоғистонлик депутат Айдос Саримнинг сўзларига кўра, жавоб баёнотлар манбасига мутаносиб бўлиши керак.
«Менимча, Соловьёвнинг ҳар бир аксиришига норозилик билан жавоб бериш ортиқча бўларди. Агар сизни чивин чақса, уни автомат билан отмайсиз. Журналистлар ва сиёсатшунослар бу ерда жавоб беришлари керак», — деди Сарим. Депутат Қозоғистон Соловьёвни персона нон-грата деб эълон қилиши ва унинг мамлакатга киришини тақиқлаши мумкинлигини истисно қилмади.
Ўзбекистон Миллий Тикланиш партияси етакчиси Алишер Қодиров «рус шовинистлари»нинг «халқаро ҳуқуқ асосларини бузиш ва Марказий Осиёда ҳарбий ҳаракатларни қўзғатиш»га қаратилган чақириқларига хотиржамлик билан муносабатда бўлиш кераклигини таъкидлади.
«Россия ОАВларида тинмаётган баёнотлар икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасидаги муносабатлар руҳига нафақат зид, балки бузувчи таъсир кўрсатмоқда. <…> Марказий Осиё <…> ҳар қандай тажовузга жиддий жавоб беришга қодир, қондош давлатлар бир бўлган ҳудуд ҳамдир!», — деди ўзбек сиёсатчиси.



