Хитой дунёда биринчи бўлиб иккита реактор турига эга атом электр станциясини қуришни бошлади

ATOMIC-ENERGY.RU сайти фотосурати

Хитой шарқидаги Цзянсу провинсиясининг Ляньюньган шаҳрида энергетика ва нефть-кимё саноатига хизмат кўрсатувчи иккита реактор турини бирлаштирадиган дунёдаги биринчи «Сюйвэй» (Xuwei) атом электр станцияси қурилиши бошланди. Бу ҳақда Global Times хабар берди.

Ушбу объект саноат иссиқлик таъминоти ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун мўлжалланган. У соатига қарийб 13 000 тонна буғ талаб қиладиган Ляньюньган нефть-кимё кластери яқинида Хитой Миллий Ядро Корпорацияси (CNNC) томонидан қурилмоқда. Биринчи бетон қуйиш 16 январда бошланган. Лойиҳа Хитойнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг 15 беш йиллик режаси доирасида ишга туширилган биринчи атом энергия блокидир.

«Сюйвэй» — босимли сув реактори ва юқори ҳароратли газ билан совутилган реакторни бирлаштирган дунёдаги биринчи станциядир.

АЭС учинчи авлод Hualong One (Хуалун-1) ва тўртинчи авлод газ билан совутиладиган реактор билан жиҳозланади. Hualong Oneдан олинадиган асосий буғ деминерализация қилинган сувни иситиш ва тўйинган буғ ҳосил қилиш учун ишлатилади. Кейин бу маҳсулот саноат мақсадларида газ билан совутиладиган реактор орқали асосий буғ билан қайта иситилади.

Қурилишнинг биринчи босқичи иккита Hualong One энергия блоки ва битта юқори ҳароратли газ билан совутиладиган реакторни ўз ичига олади. Мажмуа ишга туширилгандан сўнг, йилига 32,5 миллион тонна саноат буғини етказиб беради. Энг юқори энергия ишлаб чиқариш йилига 11,5 миллиард киловатт-соатдан ошади. Бунда кўмир истеъмолини 7,26 миллион тоннага ва карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 19,6 миллион тоннага камайиши кутилмоқда.

Қурилишда ақлли лазерли кузатув ва автоматлаштирилган газ билан ҳимояланган пайвандлаш каби илғор услублардан фойдаланилади.

CNNC лойиҳа Хитой ядровий энергия моделида ўзгаришни англатишини таъкидлайди. Соҳа электр энергияси ишлаб чиқариш моделидан диверсификацияланган энергия тежамкорлигига ўтмоқда. Бу бутун дунё бўйлаб кўп энергия сарфланадиган саноат тармоқларини кам углеродли трансформацияси учун «Хитой ечими»ни яратади.

ℹ️ Хитой ядро энергияси ассоциацияси (CNEA)нинг 2025 йил апрель ойида эълон қилган Хитойда ядро энергетикасини ривожлантириш бўйича ҳисоботига кўра, Хитой ядро энергияси қуввати бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Ўтган баҳор ҳолатига кўра, мамлакатда ишлаётган, қурилаётган ва қурилиши тасдиқланган 102 та атом энергия блоки қайд этилган. 28 та тугалланмаган объектнинг қуввати 33,65 миллион кВт ни ташкил этади. Хитойда шунингдек, умумий қуввати 60,96 миллион кВт бўлган 58 та тижорат энергия блоки мавжуд.

2024 йилда Хитойда ядро энергиясини ишлаб чиқариш 444,7 миллиард кВт га етди ва у дунёда иккинчи ўринни эгаллади ва мамлакатнинг умумий электр энергияси ишлаб чиқаришининг 4,72% ни ташкил этди.

Хитой дунёда энг йирик электр энергияси ишлаб чиқарувчи давлат бўлиб, унинг 2024 йилдаги ишлаб чиқариши (деярли 10 000 тераватт-соат) иккинчи йирик мамлакат — Қўшма Штатлардан (4 448 тераватт-соат) икки баравар кўп бўлди. Хитой шунингдек, дунёдаги энг йирик электр энергияси истеъмолчилари рейтингида ҳам етакчилик қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ