Россия генералини ўлдирганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Аҳмаджон Қурбонов. rbk.ru сайти фотосурати

Москвадаги Иккинчи ғарбий округ ҳарбий суди Ўзбекистон фуқароси Аҳмаджон Қурбоновни 2024 йил декабрь ойида Россиянинг Радиация, кимё ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кирилловни ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Шунингдек, Қурбонов юқори мартабали россиялик зобит ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳужумини содир этганини тан олган, деб хабар беради РБК.

Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаросига 1 миллион рубль (13 000 доллар) миқдорида жарима солинган.

Мазкур жиноят иши бўйича яна учта судланувчи ҳам суд мажлисида бўлган. Уларнинг барчаси узоқ муддатли қамоқ жазоси ва камроқ жарималар берилган. Терговчиларнинг фикрига кўра, террорчилик ҳужумини содир этган шахсга портловчи моддаларни етказиб берган озарбайжонлик Роберт Сафарян 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Қурбоновга квартира ижарага берган Ингушетия фуқаролари Батухан Точиев ва Рамазан Падиев мос равишда 22 ва 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Оммавий ахборот воситалари хабар беришича, ўзбекистонлик йигит суд жараёнида айбини тан олган ва тергов билан фаол ҳамкорлик қилган. Бошқа судланувчилар воқеага алоқадор эмасликларини таъкидлашган. Масалан, Точиев ва Падиев фақат квартирани ижарага бериш билан шуғулланганликларини даъво қилишган. Сафарян иқрорига кўра, у Қурбоновга берган посилкада нима борлигидан бехабар бўлган.

2024 йил декабрь ойи охирида генерал Кирилловнинг ўлдирилишида гумон қилинаётган мигрантга Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисмининг «б» банди («Террорчилик ҳаракатини содир этиш»), 222.1-моддасининг 4-қисми («Портловчи қурилмаларни ноқонуний олиб кириш») ва 223.1-моддасининг 3-қисми («Портловчи қурилмаларни ноқонуний ишлаб чиқариш») бўйича айбловлар қўйилгани ҳақида хабар берилганди.

ℹ️ Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси майор Илья Поликарпов 2024 йил 17 декабрь куни эрталаб кўп қаватли уйи ёнида тўхтаб турган скутер портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Ўша куни жиноятда гумон қилинаётган шахс Москва вилоятининг Балашиха шаҳар округида ҳибсга олинган. Унинг 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси Аҳмаджон Алижон ўғли Қурбонов (Қурбанов) экани аниқланган.

Сўроқ пайтида Қурбонов Украина разведка хизматлари томонидан ёлланганини айтган. Унга террорчилик ҳужумини содир этиши эвазига 100 минг доллар мукофот ва Европа Иттифоқида доимий яшаш имконияти берилишини ваъда қилишган.