ОАВ: «Ўзбекнефтгаз»нинг собиқ бош директори Баҳодир Сидиқов коррупцияда гумон қилиниб ҳибсга олинди

Баҳодир Сидиқов. »Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизмати фотосурати

«Ўзбекнефтгаз»нинг собиқ бошқарув раиси Баҳодир Сидиқов (Сиддиқов) давлат маблағларини ўзлаштириш ва бошқа коррупцион фаолиятларда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Podrobno.uz нашри вазиятдан хабардор бўлган ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Таъкидланишича, Сидиқовнинг ҳибсга олинишига доир Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ҳозирча расмий маълумот олинмаган.

Оммавий ахборот воситалари манбаларига кўра, «Ўзбекнефтгаз»нинг собиқ бош директори билан бирга компания бошқарув жамоасининг яна бир нечта аъзолари тергов остида. Улар бюджет маблағларини катта миқдорда ўзлаштириш ва мамлакат нефть ва газ саноатидаги активларни бошқаришда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.

Шунингдек, Сидиқовнинг ҳибсга олиниши давлат компанияси раиси лавозимидан истеъфога чиққанидан бир ой ўтгач содир бўлгани таъкидланмоқда. Эслатиб ўтамиз, бу янгилик биринчи марта 2025 йил декабрь ойининг ўрталарида маълум бўлганди. Ўшанда расмий версияга кўра мулозим «бошқа ишга ўтиши сабабли» ишдан бўшатилгани айтилган эди. Унинг ишдан кетиши сабаблари келтирилмаганди.

Дарвоқе, Сидиқовнинг истеъфоси Алишер Султонов Президентнинг энергетика хавфсизлиги бўйича вакили лавозимидан бўшатилганидан кейинги куни содир бўлганди.

Сидиқов ўрнига илгари «Ўзбекгидроэнерго»ни бошқарган Абдуғани Сангинов тайинланди.

ℹ️ Баҳодир Сидиқов «Ўзбекнефтгаз»ни 2023 йил март ойидан бери бошқариб келаётганди, бунгача ушбу лавозимда 2019-2020 йилларда ишлаганди. У 1999 йилдан бери нефть ва газ соҳасида ишлаб келган.

ℹ️ «Ўзбекнефтгаз» — Ўзбекистонда энг йирик давлат компанияси ҳисобланади. У 50 дан ортиқ корхоналарни, жумладан, 13 та қўшма корхона ва 10 та асосий углеводород қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарини бирлаштирган холдинг саналади. Компания углеводород қазиб олиш, ички бозорга етказиб бериш, нефть ва газни қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва технологик маҳсулотлар экспорти билан шуғулланади. «Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистондаги энг йирик бешта солиқ тўловчилардан бири ҳисобланади: 2024 йил охирига келиб холдинг 4,2 триллион сўм (тахминан 350 миллион доллар) солиқ тўлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ