Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) судига Россиянинг ташкилотга аъзо давлатлари ўртасида имзоланган мигрантлар келишувининг бир нечта қоидаларини бажармаётгани туфайли даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикасининг Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси раиси Азамат Муканов сўзларига таяниб 24.кг хабар берди.
Таъкидланишича, Муканов Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) Меҳнат, соғлиқни сақлаш, аёллар ишлари ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида Россияга қарши даъво аризаси берилганини маълум қилган. Йиғилишда «Фуқароларни тиббий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинган.
Депутатлар Россияда меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, кафолатланган тиббий ёрдам полисларини бериш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг бориши ҳақида сўрашган.
Мулозим ЕОИИ аъзо давлатлари ўртасида хорижий ишчилар мақомини тартибга солувчи келишув амал қилаётганини тушунтирган. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси ҳозирда ишчи мигрантларнинг оила аъзоларига мажбурий тиббий суғурта (МТС) полисларини беришдан бош тортиб, ушбу ҳужжатнинг 96-98-моддаларини бузмоқда.
«Қирғизистон ЕОИИ судига даъво аризаси берди, иш давом этмоқда ва икки ҳафта ичида қарор қабул қилинади. Биз бу масалани Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук республикага ташриф буюрганида ҳам кўтарган эдик», — дея қўшимча қилган Муканов.
Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияни ўз ичига олган ЕОИИ тўғрисидаги шартнома 2014 йили Остонада имзоланган ва 2015 йил 1 январда кучга кирган. Унда аъзо давлатлар фуқароларини ишга жойлаштириш учун махсус шартлар белгиланган.
Асосий қоидаларга юқорида тилга олинган мамлакатлар фуқаролари РФда ишлаши учун патент ёки бошқа рухсатномалар талаб қилинмаслиги, иш берувчилар чет эллик ишчиларни ёллаш учун рухсатнома олишлари шарт эмаслиги, таълим ҳужжатлари апостилсиз тан олиниши (баъзи касблар бундан мустасно) ва бошқалар киради.
Тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги протоколда ЕОИИ мамлакатларидаги ишчилар ва уларнинг оила аъзоларига суғурта полиси бор ёки йўқлигидан қатъи назар, давлат ва шаҳар соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши айтилган.



