Абу-Даби Тараққиёт фонди Тожикистон билан Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун 100 миллион доллар ажратишга оид шартнома имзолади. Бу ҳақда республика Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар бир неча йил давом этган. Шартнома 4 февраль куни Тожикистон Молия вазирлиги раҳбари Файзиддин Қаҳҳорзода ва Абу-Даби Тараққиёт фонди бош директори Муҳаммад Саиф Ал-Сувайдий томонидан имзоланган. Маблағлар Роғун ГЭСининг 2-участкасида қурилиш ва инфратузилма ишлари учун ишлатилади, бу тўғоннинг биринчи босқичини қуришни ўз ичига олади.
2025 йил август ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳамкорлар билан Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ келишувларга эришилгани ва қўшимча 1,7 миллиард доллар муҳокама қилинаётганини маълум қилганди.
Хусусан, мамлакат Жаҳон банки (650 миллион доллар) ва Қатар тараққиёт фонди (50 миллион доллар) грантлари, шунингдек, Осиё инфратузилма инвестиция банки (500 миллион доллар), Ислом тараққиёт банки ва Араб жамғармалари (450 миллион доллар) кредитлари бўйича келишиб олган.
2008 йилдан бери Тожикистон Роғун ГЭСи қурилиши учун давлат бюджети ва бошқа манбалардан 48,1 миллиард сомони (5,1 миллиард доллардан ортиқ) ажратган. Станцияни тўлиқ қуриш учун қўшимча 6,4 миллиард доллар керак бўлади.
Ҳозирда лойиҳа тўлиқ ички ресурслар ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Халқаро келишувларни амалга ошириш учун бир қатор шартлар бажарилиши керак, бу эса вақт талаб қилади.
ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистоннинг энг йирик энергетика лойиҳасидир. Унинг лойиҳавий қуввати 3600 МВтни ташкил этади ва олтита гидроэлектростанция йилига 13,1 миллиард кВт/соатдан ортиқ энергия ишлаб чиқаради. Ҳозирда ҳар бири 600 МВт қувватга эга иккита блок ишламоқда. ГЭС қурилишининг барча босқичларини 2031 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган. Роғун ГЭСи Марказий Осиёдаги энг йирик гидроелектростансия бўлиши кутилмоқда, унинг ўрнатилган қуввати 3600 МВт ва йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 13 дан 17 миллиард кВт/соатгача бўлади.



