Афғонистон расмийлари аёлларни даволашда эркак шифокорларга маҳрам мақомини берди

Афғонистондаги шифохона. АР фотосурати

Афғонистонда эркак шифокорлар ўзлари даволайдиган аёл беморларнинг «маҳрамлари» сифатида тан олинди. Бу ҳақда толиблар* Алоқа вазири Ҳамдулла Нўмони Қобулда бўлиб ўтган тиббиёт ходимлари билан учрашувда эълон қилди, деб хабар беради Amu.tv.

Нўмонининг сўзларига кўра, клиник амалиёт нуқтаи назаридан шифокорларга махсус диний ҳуқуқ берилади, бу уларга нотаниш эркаклар кўриши мумкин бўлмаган аёл танасини текшириш имконини беради.

«Вазир сифатида мен аёллар юзига қарашга ҳаққим йўқ. Лекин сизнинг ҳуқуқингиз бор: аёл операция столингизда ётганда, унинг барча аъзолари сизнинг олдингизда бўлади ва сиз ҳатто унинг кийимларини ечишингиз мумкин», — деган вазир бу ҳуқуқни суиистеъмол қилмасликка чақириб.

Нўмони «барча диний уламолар ҳам шундай фикрда» эканини таъкидлаган.

Вазирнинг баёноти толибларнинг 2024 йил декабрь ойидан бошлаб хотин-қизларга ўрта ва олий маълумот, жумладан, тиббий таълим олишни тақиқлагани фонида янгради.

Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар аёлларнинг тиббий таълим олишига тўсқинлик қилиш Афғонистонда шундоқ ҳам заиф бўлган соғлиқни сақлаш тизимини янада оғирлаштириши ҳақида огоҳлантирган. Толиблар ҳокимият тепасига қайтмасидан ҳам олдин мамлакатда, айниқса, одатга кўра аёлларни фақат аёл шифокорлар даволаши лозим бўлган қишлоқ жойларида аёл шифокорлар ва тиббиёт ходимлари тақчиллиги кузатилар эди.

ℹ️ 2021 йил август ойида ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг, толиблар қизларга ўрта ва олий маълумот олишни тақиқлади ва аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини иложи борича чеклашга ҳаракат қилди. Хусусан, улар аёлларга спорт билан шуғулланишни, паркларда сайр қилишни, жамоат жойларига маҳрам эркакларсиз ташриф буюришни, ҳижобсиз ташқарига чиқишни, бошқа аёллар билан гаплашишни, Қуръонни овоз чиқариб ўқишни расман тақиқладилар. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилди. Унинг ўрнига толиблар Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлигини ташкил этишди.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади