Қирғизистон президенти икки вазирни ишдан бўшатди

Бакит Торобаев (чапда), Қанибек Дўсмамбетов. kenesh.kg сайти фотосурати

24 февраль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бош вазир ўринбосари ва Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бакит Торобаев ва Соғлиқни сақлаш вазири Қанибек Дўсмамбетовни ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Бу ҳақдаги маълумотлар давлат раҳбари сайтида жойлаштирилди.

Республика раҳбари шунингдек, ишдан бўшатилган вазирлар ўрнига бошқа одамларни тасдиқлади, улар ҳозирча вазифасини бажарувчи мақомида ишлашмоқда. Дамирбек Осмонов Соғлиқни сақлаш вазири, Эрлист Акунбеков эса Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ва Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги раҳбари этиб тайинланди.

Ишдан бўшатиш сабаблари айтилмаган, бироқ шу нарса маълумки, куни-кеча ижтимоий тармоқларда иккала собиқ вазир иштирок этган аудиоёзув тарқалган эди. Торобаев ва унинг жияни, ҳозирда АҚШда яшовчи собиқ парламент депутати Эркин Жолдошалиев (Торобаев) ўртасидаги суҳбат интернетда жойлаштирилган.

Эркин тоғасига бир неча йил олдин Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Камчибек Ташиевнинг ўғли Тай-Мурасга ер участкасини сотишни режалаштирганини айтган. Ер эгаси уни 1 миллион долларга баҳолаган, аммо охир-оқибат атиги 460 минг доллар олишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, тадбиркорнинг сўзларига кўра, Тай-Мурас Ташиев ўша ерда жойлашган заводни «сиқиб чиқарган». Бошқача қилиб айтганда, ўша пайтдаги махсус хизматлар раҳбарининг ўғли объектни қулфлаб қўйган, бу эса сотувчига металл ва ускуналарни олиб чиқишга имкон бермаган. Эркиннинг қўшимча қилишича, унинг 500 квадрат метрлик дўконини ҳам худди шундай тортиб олишган.

Жиян тоғасига шикоят қилиб, агар у ватанга қайтса, гўёки улар «қамоққа олишни» режалаштиришганини, гарчи ҳали жиноий иш қўзғатилмаган бўлса-да, у таъқиблардан қўрқиб қайтишга жазм қилмаётганини айтади. Бош вазир ўринбосари, ўз навбатида, қариндошига ёрдам беришга ва уни тинч қўйишларига эришишга ваъда беради.

Суҳбатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Дўсмамбетов тилга олинади, у Эркиннинг кичик Ташиев билан келишуви пайтида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Жалолобод вилояти бўйича бошқармаси раҳбари бўлиб ишлаган. Жолдошалиевнинг сўзларига кўра, заводни мусодара қилишда айнан шу офицер иштирок этган.

Тай-Мурас Ташиев вазиятга изоҳ бериб, 2022 йили Эркин Торобаевдан фақат ерни сотиб олганини, у ерда завод бўлмаганини айтган. Махсус хизматлар собиқ раҳбари ўғлининг сўзларига кўра, бизнесмен ўз металлини олиб кетган, шундан сўнг участканинг янги эгаси ерни «Барселона» футбол академияси ва мактаб қурилиши учун тайёрлаган.

Унинг қўшимча қилишича, нарх бўйича музокаралар жараёнида у Бакит Торобаев билан боғланиб, жиянини ер нархини пасайтиришга кўндиришини сўраган. Охир-оқибат, харидорга чегирма берилган. Кичик Ташиев ер билан бирга у ерда жойлашган уйлар ва дўконни сотиб олганига айтади. Бироқ, у завод рейдерлар томонидан босиб олинганини рад этган ва Эркин Торобаевни ёлғон гапиришда айблаган.

Кейинчалик Бакит Торобаев жияни билан суҳбат ёзувининг ҳақиқийлигини тасдиқлаган, аммо оммавий ахборот воситаларидан интернетда тарқалган суҳбатни сиёсийлаштирмасликни сўраган.

ℹ️ Бакит Торобаев тўртинчи чақириқ Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати бўлган, парламент спикерининг ўринбосари ва «Ата-Журт Қирғизистон» фракцияси раҳбари бўлиб ишлаган. 2009 йилдан 2010 йилгача у республика Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ишлаган. 2022 йил март ойида у Бош вазир ўринбосари этиб тасдиқланган ва 2023 йил декабридан у параллел равишда Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги раҳбари лавозимида ишлаган.

ℹ️ Қанибек Дўсмамбетов ўтган йил охирида Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган эди. Бунгача у узоқ вақт Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида ишлаган. Хусусан, у Коррупцияга қарши курашиш департаментини бошқарган, кейин кўмитанинг коррупцияга қарши курашиш хизмати директорининг ўринбосари ва МХДҚнинг 6-бошқармаси бошлиғи бўлган. Сўнгги икки йил ичида, Соғлиқни сақлаш вазирлигига тайинлангунига қадар, у махсус хизматнинг Жалолобод бошқармасини бошқарган.

  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади