2026 йил 1 июлдан бошлаб Қирғизистонда уч ёшгача бўлган ҳар бир бола ойлик «Бала ырысы» (Болалар бахти) давлат нафақасини олади. Фармон Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонидан имзоланди.
Нафақа миқдори 1200 сом (13,70 доллар) ни ташкил қилади ва у оила даромадидан қатъи назар тўланади.
Жапаров нафақани жорий этиш тўғрисидаги қарор кўплаб фуқароларнинг мурожаатларига жавобан қабул қилинганини ва бола ривожланишининг муҳим даврида оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилганини таъкидлади.
«Инсоннинг энг муҳим жисмоний ва ақлий қобилиятлари ҳаётининг дастлабки йилларида шаклланади ва у инсоннинг бутун умри давомида бирга қолади. Шунинг учун, бугунги фармон билан мен Вазирлар Маҳкамасига янги «Бала ырысы» нафақасини жорий этишни ишлаб чиқишни топширдим. Биз биламизки, ҳар бир бола ўз ырысы — ўз бахти ва рисқи билан туғилади», — деб тушунтирди Қирғизистон президенти.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Қирғизистонда уч ёшгача бўлган тахминан 445 минг бола бор. Шунинг учун давлат «Бала ырысы» тўлови учун ойига 530 миллион сомдан (тахминан 6 миллион доллар) ортиқ маблағ ажратади.
Жорий йилнинг январь ойида Қирғизистон парламенти аъзолари 12 ёшгача бўлган болалари бўлган барча оилаларга, бордию оила муҳтож деб топилса, 16 ёшгача бўлган болаларига нафақа тўлашни таклиф қилдилар.



