Йирик миқдордаги маблағларни ўзлаштиришда айбдор деб топилган Душанбе халқаро аэропортининг собиқ беш нафар ходими Тожикистон бюджетига 798 минг сомони (тахминан 86 минг АҚШ доллари) тўлади. Бу ҳақда “Озоди” (Озодлик радиосининг тожик хизмати) суд материалларига таяниб хабар берди.
Душанбе шаҳар суди мазкур иш бўйича ҳукмни 2026 йил 30 январда чиқарган. Судланувчилар қаторида аэропорт директорининг собиқ ўринбосари Аслиддин Маликзода, таъминот хизмати собиқ раҳбари Муҳриддин Давлатов, бош бухгалтер Тағоймурод Жўразода, шунингдек Парвиз Исматуллоев ва Муқим Холов бор.
Бешала шахс ҳам йирик миқдордаги маблағларни ўзлаштириш ва растрата қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда ҳужжатлар ва давлат мукофотларини бошқа шахсларга ноқонуний беришда айбдор деб топилган.
Тайинланган жарималар миқдори ҳар бири учун турлича бўлган: Маликзода — 138 750 сомони (тахминан 15 минг доллар), Давлатов — 165 минг сомони (18 минг доллар), Жўразода — 157 500 сомони (17 минг доллар),
Исматуллоев — 187 500 сомони (20 минг доллар), Холов — 150 минг сомони (16 минг доллар) тўлаши лозим бўлган.
Суд Маликзодадан ташқари барча маҳкумларга уч йил давомида ҳар қандай раҳбарлик ёки мансабдорлик лавозимларини эгаллашни тақиқлади. Суднинг «Озоди» нашрига берган жавобида «маҳкумлар давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплагани» қайд этилган.
Айни пайтда Тожикистон Олий судида аэропортнинг собиқ бош директори Исматулло Абдуллозодага оид иш кўриб чиқилиши якунланмоқда. У қўл остидагилар билан биргаликда 1,245 миллиард сомони (тахминан 133 миллион доллар) маблағни ўзлаштиришда айбланган.
«Ҳозирги вақтда суд тергови якунланган. Суд мунозаралари эшитилганидан сўнг суд қарори чиқарилади», — дейилади идора жавобида.
Суд маълумотига кўра, Абдуллозода зарарнинг ўзига тегишли қисми — 94,3 миллион сомони (тахминан 10 миллион доллар)ни аллақачон тўлаган. Энди у яна қарийб 922 миллион сомони (тахминан 100 миллион доллар)ни қайтариши лозим.
2016 йилдан бери аэропортни бошқариб келган Абдуллозода 2025 йил май ойида қўл остидагилар билан бирга ҳибсга олинган эди. Ўшанда Тожикистон коррупцияга қарши курашиш агентлиги жиноят ишида 22 нафар шахс иштирок этганини маълум қилганди.
Тергов маълумотларига кўра, айбланувчилар бир кунлик фирмалардан фойдаланиб, товар ва материаллар хариди кўринишида аэропорт маблағларини чиқариб кетиш ва ўзлаштириш орқали 1,245 миллиард сомони миқдорида зарар етказган. Орадан тўрт ой ўтиб, Абдуллозода ва юқорида номи тилга олинган беш нафар собиқ ходим тилхат асосида озод қилинган. Қолган фигурантларнинг тақдири ҳақида маълумот берилмаган.



