Аввал Ўзбекистон таркибига кирган икки аҳоли пунктини топшириш жараёни тўлиқ якунланди: Чўнғара ва Тош-Тўбо расман Қирғизистон ҳудудига айланди. Бу ҳақда 23 июнь куни Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов маълум қилди.
Чўнғара (Чон-Гара) ва Тош-Тўбо аввал Ўзбекистон Республикасининг Фарғона вилояти таркибида бўлган. Ушбу аҳоли пунктларида этник қирғизлар зич яшайди — расмий маълумотларга кўра, уларнинг сони тахминан 2500 нафарни ташкил этади. Ҳудудларни топшириш Ўзбекистон билан давлат чегарасини демаркация қилиш доирасида амалга оширилди. Энди мазкур қишлоқларда рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланади ва барча аҳолига Қирғизистон фуқаролиги берилади.
Аскат Алагозовнинг аниқлик киритишича, икки қишлоқни қабул қилиб олиш эвазига қирғиз томони чегара ҳудудида жойлашган майдони тенг ер участкаларини Ўзбекистонга топширган.
Бундан ташқари, мазкур келишувлар доирасида умумий майдони 236 гектар бўлган тенг қийматли ер майдонлари ҳам ўзаро алмаштирилган. Бу ишлар Сай қишлоғидан Таян қишлоғигача янги автомобиль йўлини қуриш мақсадида амалга оширилган. Натижада Боткен вилояти аҳолиси Айдаркендан Боткен шаҳрига Сай ва Таян қишлоқлари орқали янги йўналиш бўйича қатнай олади. Янги йўлнинг узунлиги тахминан 55 километрни ташкил этади, бу эса ҳозирги 225 километрлик айланма йўлга нисбатан анча қисқа ҳисобланади.
Матбуот котиби Аскат Алагозовнинг маълум қилишича,
Қирғизистон Қозоғистонга Тўқмоқ шаҳри (Чуй вилояти) ҳудудидаги йўлнинг 800 метрлик қисми бўйича тенг қийматли ер участкалари алмашинувини таклиф қилган.
Гап Бишкек — Нарин — Торугарт автомагистралининг Чу дарёси бўйлаб ўтувчи қисми ҳақида кетмоқда. 24.kg нашрининг ёзишича, Чўй водийсининг айрим ҳудудларида давлат чегараси айнан Чу дарёси орқали ўтади.
Алагозовнинг таъкидлашича, мазкур ер алмашинуви амалга ошса, Бишкекдаги Олмаота кўчасидан Кемин шаҳригача тахминан 150 километр узунликдаги пуллик автомагистраль қуриш имконияти яратилади.
ℹ️ 2023 йил бошида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзаро давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини расман якунлаган эди. 27 январь куни икки давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров тегишли шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги ёрлиқлар билан алмашган.
Шартнома умумий узунлиги 302,29 километр бўлган чегара чизиғини, шу жумладан қўшма чегаранинг 35 та участкаси бўйича келишувларни белгилаб беради. Унга мувофиқ, Андижон (Кампиробод) сув омбори ҳудудининг 4957 гектари ҳамда тўғонни сақлаш ва муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер Ўзбекистонга ўтган. Компенсация сифатида Қирғизистонга 1019 гектар яйлов ерлари ҳамда Говасой участкасида жойлашган 12 849 гектар ер майдони берилган. Бу ҳудудлар Андижон сув омборининг чап соҳилида режалаштирилган, аммо қурилмаган Кампиробод канали учун товон сифатида ажратилган.



