Саудия Арабистони Ўзбекистондан 100 нафар тиббиёт ходимини ишга жойлаштиришга тайёр. Тажрибали мутахассисларга эса ойига 2500 долларгача маош таклиф этилиши мумкин. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Тиббиёт соҳасидаги меҳнат миграцияси масалалари икки давлат расмийлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинган. Музокараларда Ўзбекистоннинг Эр-Рияддаги элчихонаси вакиллари, Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кадрлар департаменти раҳбарлари ҳамда хусусий Vigour Locomotion Medical Center клиникаси раҳбарияти иштирок этган.
Томонлар, хусусан, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлигида қайд этилишича, ҳозирги кунда мамлакатдаги хусусий шифохона ва тиббиёт марказларига 4,5 минг нафар шифокор ва ҳамшира кадрлари етишмаяпти. Шу сабабли ҳамкорлик дастурларини амалга оширишнинг биринчи босқичида ўзбекистонлик 100 нафар шифокор ва ёрдамчи тиббиёт ходимлари учун бўш иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.
Таъкидланишича, меҳнат шартномаларига кўра, иш берувчи ходимларнинг иқомаси (расмий яшаш ва ишлаш рухсатномаси), турар жойи, ички транспорт харажатлари, тиббий суғуртаси ҳамда йиллик авиачипта харажатларини тўлиқ қоплаб беради.
Иш ҳақи ёш шифокорлар учун 4 500–5 600 саудия риали (тахминан 1 200–1500 АҚШ доллари), тажрибали мутахассислар учун 5 600–9 300 саудия риали (1 500–2 500 доллар), ҳамширалар учун эса 3000–3 750 саудия риали (800–1000 доллар) миқдорида белгиланган.
Саудия томони маълумотига кўра, эҳтиёж асосан оилавий шифокорлар, акушер-гинекологлар, физиотерапевтлар, дерматологлар, болалар психологлари ҳамда юз-жағ жарроҳлари каби мутахассисликлар бўйича мавжуд.
Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг юқори касбий малакаси, меҳнатсеварлиги ва интизомлилигини алоҳида қайд этишди. Уларнинг таъкидлашича, инглиз тилини биладиган ва касбий этика қоидаларига қатъий амал қиладиган номзодларга талаб айниқса юқори.
Саудия томони шунингдек меҳмонларга Эр-Рияд вилоятида замонавий кўп тармоқли соғломлаштириш маркази қуриш лойиҳасини ҳам тақдим этган. Дипломатлар орқали ўзбекистонлик инвесторлар ушбу муҳим ташаббусни амалга оширишда иштирок этишга таклиф қилинган. Расмийлар қайд этишича, санаторий биноларини қуриш жараёнида Марказий Осиёдан бошқа мутахассислар ҳам жалб қилиниши мумкин — жумладан ҳайдовчилар, муҳандислар, дурадгорлар, электриклар ва бошқа ишчи касб эгалари.
Учрашувда июль ойи охирида Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга режалаштирилган ташрифи муҳокама қилинган. Шунингдек, турли форматларда музокаралар ўтказиш кўзда тутилган. Кутилишича, ушбу ташриф натижасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга чиқади. Биринчи навбатда, ўзбекистонлик тиббиёт ходимларини хорижда иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.



