АҚШда ўзбекистонлик иштирокида одам ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг назорат кучайтирилди

Бекзод Асраров, Тобиас Форсайт. thepostmillennial.com сайти фотосурати

АҚШнинг Огайо штатида Ўзбекистон фуқароси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси узоқ масофага қатновчи юк машинаси ҳайдовчилари устидан назоратни кучайтиришга туртки бўлди. Бу ҳақда АҚШ транспорт вазири Шон Даффи (Sean Duffy) маълум қилди.

The Columbus Dispatch нашрининг хабар беришича, ЙТҲ 5 июль куни соат 01:37 да Мэдисон округидаги I-71 давлатлараро автомагистралида содир бўлган. 42 ёшли ўзбекистонлик Бекзод Асраров ярим тиркамали юк автомобилини бошқариб кетаётган вақтда 21 ёшли Тобиас Форсайт бошқарувидаги Honda Accord автомобилининг орқа қисмига келиб урилган. Зарба оқибатида Форсайт воқеа жойида ҳалок бўлган. Тўқнашувдан кейин юк автомобили ажратувчи йўлакдан ошиб ўтиб, I-71 автомагистралининг қарама-қарши ҳаракат қисмига чиқиб кетган ва бошқа транспорт воситалари иштирокида иккинчи тўқнашувни келтириб чиқарган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш чоғида штат патрули ходими юк автомобили кабинасида видеорегистратор маҳкамлагичини ва унга уланган узилиб қолган симни топган, аммо видеорегистраторнинг ўзи жойида бўлмаган. Асраров билан мулоқот қилиш учун тиббиёт ходимлари ва патрулчилар Google Translate хизматидан фойдаланган, чунки ҳайдовчи фақат ўзбек тилида гапирган ва инглиз тилини билмаган. Патрулчи Асраровдан видеорегистратор қаердалигини сўраганида, у ишора билан чўнтагини кўрсатган. Текширув чоғида видеорегистратор унинг чўнтагидан топилган.

Прокурорлар Асраров ҳаракатларини далилларни яширишга уриниш сифатида баҳолаб, унга далилларни яшириш айби бўйича — учинчи даражали оғир жиноят сифатида айблов эълон қилган.

Ҳодиса жойидан, шунингдек, учта уяли телефон ва ҳайдовчининг иш вақтини ҳисобга олиш учун мўлжалланган электрон қурилма (электрон логбук) мусодара қилинган. Терговчилар Асраров тезликни оширган-оширмаганини, рулда кетаётиб матнли хабарлар юборган-юбормаганини ҳамда ҳайдовчилар учун белгиланган федерал бошқарув вақти чекловларини бузган-бузмаганини аниқлаш мақсадида ушбу қурилмаларни текширмоқда. 7 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон фуқароси Мэдисон округи қамоқхонасида сақланаётган эди. Тергов давом этмоқда.

АҚШ транспорт вазири Шон Даффи ўз баёнотида Асраров инглиз тилини билиш бўйича тестдан ўта олмаганини таъкидлади. Шу сабабли полиция ходимлари ҳодиса жойида у билан мулоқот қилиш учун онлайн таржимондан фойдаланишга мажбур бўлган.

«Биз Асраров каби йўл белгиларини ўқий олмайдиган ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан мулоқот қила олмайдиган юк машинаси ҳайдовчиларига АҚШ автомагистралларида 80 минг фунт (тахминан 36 тонна) оғирликдаги транспорт воситаларини бошқаришга йўл қўя олмаймиз», — деди вазир.

Унинг қўшимча қилишича, вазирлик автомобиль йўлларини хавфли юк машинаси ҳайдовчиларидан ҳимоя қилиш йўлидаги курашни «ҳеч қачон тўхтатмайди».

Fox News маълумотларига кўра, Асраров АҚШга Жо Байден маъмурияти даврида кирган бўлиб, иммиграцион визалар лотереяси (Diversity Visa) орқали ғолиб чиққан. У Огайо штатида тижорат ҳайдовчилик гувоҳномаси — CDL (Commercial Driver’s License) олган, гарчи АҚШ транспорт вазирининг сўзларига кўра, у инглиз тилида гапирмаган.

Айни пайтда федерал қоидаларга кўра, CDL эгалари инглиз тилини шундай даражада билиши керакки, улар мулоқот қила олиши, йўл белгилари ва сигналларини тушуниши, расмий сўровларга жавоб бериши ҳамда зарур ҳисоботларни тўлдириши лозим, деб тушунтиради PM.

2026 йил бошида АҚШ ҳукумати SafeDRIVE («Хавфсиз ҳайдаш») операциясини бошлади. Уч кун давомида 24 тадан ортиқ штат ҳудудида Автотранспорт хавфсизлиги федерал маъмурияти (FMCSA) инспекторлари 8200 дан зиёд текширув ўтказган. Рейдлар натижасида деярли 2000 нафар ҳайдовчи ва транспорт воситаси ишдан четлаштирилган. Улардан қарийб 500 нафари инглиз тилини билиш талабларини бузгани учун йўналишдан олиб ташланган. Бундан ташқари, 56 нафар ҳайдовчи маст ҳолда транспорт бошқаргани ва АҚШ ҳудудида ноқонуний бўлгани учун ҳибсга олинган.

АҚШ транспорт вазири Шон Даффи ўз баёнотида Асраров инглиз тилини билиш бўйича тестдан ўта олмаганини таъкидлади. Шу сабабли полиция ходимлари ҳодиса жойида у билан мулоқот қилиш учун онлайн таржимондан фойдаланишга мажбур бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ