Рус православ черковининг собиқ руҳонийси Яков Воронцов руҳий касалликлар шифохонасидан тергов ҳибсхонасига қайтарилди

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистондаги Рус православ черковининг (РПЧ) собиқ руҳонийси Владимир Воронцов (Яков ота) руҳий касалликлар шифохонасидан тергов ҳибсхонасига қайтарилди, деб хабар берди Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бюроси.

«Шифокорлар унда ҳеч қандай руҳий оғишларни аниқлашмади ва соғлом инсонни алламбало нарсадан даволашдан бош тортишди», — дея маълум қилди ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти.

Бюро маълум қилишича, Воронцов 8 июнь куни руҳий касалликлар муассасасида бўлганидан сўнг, Олмаота вилояти бўйича Миллий превентив механизм гуруҳи раҳбари ва бюро юристи Максим Кудрявцев НПМ мувофиқлаштирув кенгаши қарори билан ушбу лавозимдан четлатилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлашича, бунга Кудрявцевнинг гўёки «ННТ манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилгани» сабаб бўлган. Чунки бюро Воронцовга ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.

▶️ Яков Воронцов — Украинадаги урушга қарши чиққан ва РПЧдан мустақил православ черкови ташкил этилишини қўллаб-қувватлаган собиқ православ руҳонийси 13 февраль кунига ўтар кечаси қўлга олинган эди. Олмаота маъмурий суди уни гиёҳванд моддаларни тиббий мақсадларсиз истеъмол қилишда айбдор деб топиб, 10 суткалик қамоқ жазосини тайинлади. Кейинчалик руҳонийга гиёҳванд моддалар истеъмол қилинадиган жой сақлаш ва сотиш мақсадисиз гиёҳванд моддаларни сақлаш моддалари бўйича айбловлар қўйилди, 25 февраль куни эса тергов суди уни яна қамоққа олди. Яков ота ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди ва ишни сохталаштирилган деб атади.

13 май куни терговчи Воронцовга нисбатан эҳтиёт чорасини уни махсус руҳий касалликлар муассасасига жойлаштириш билан алмаштириш ҳақида илтимоснома киритди. Унинг адвокати Ғолиб Нурпеисовнинг сўзларига кўра, ҳимоя томони руҳий экспертиза ўтказилишидан бош тортган, аммо шунга қарамай Воронцов мажбурий даволанишга юборилган.

2 июнь куни апелляция суди уни руҳий касалликлар стационарига жойлаштириш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдирди. Ўшанда Воронцов Оқтош қишлоғидаги муассасада бўлиб, шифокорлар уни кузатув остида ушлаб тургани ва комиссия хулосасини тайёрлаётгани маълум қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ