Александр Лукашенко Шуҳрат Абдурахмонов билван ўзбекистонликларни Витебск вилоятида ишга жойлаштириш масаласини муҳокама қилмоқда. Видеодан кадр
Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакатда ишлайдиган Ўзбекистон фуқароларига «биродарона муносабат» ва беларуслар билан тенг шароитлар яратилишини ваъда қилди. У бу ҳақда 14 июль куни Витебск вилоятининг Орша туманига амалга оширган ишчи ташрифи давомида маълум қилди. Ташриф чоғида Ўзбекистоннинг Андижон вилояти билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар беради БелТА.
Ташрифда Андижон вилояти ҳокими Шухрат Абдураҳмонов ҳам иштирок этган. Муҳокама қилинган лойиҳалар 9 июль куни Минск шаҳрида Беларусь ва Ўзбекистон президентлари учрашувида эришилган келишувларнинг давоми бўлди. Асосий эътибор Витебск вилояти иқтисодиётига инвестициялар жалб қилиш ва ҳудудда ўзбекистонликларни иш билан таъминлаш масалаларига қаратилган.
«Мен Ўзбекистон президенти [Шавкат Мирзиёев]га бу ишни амалга оширамиз, деб ваъда бердим. Бу биз учун манфаатли. Шу орқали Витебск вилояти ривожланади. Сут ва гўштни сизларга керак бўлган маҳсулотларга қайта ишлайсизлар. Агар яна қайта ишлаш корхонаси зарур деб ҳисобласангиз, биз уни биргаликда қўрамиз. Ёки ўзингиз қурасиз. Бу сизларнинг ишингиз. Бундан якуний нарх — масаланинг иқтисодий томони ҳал бўлади. Биз биродарларча ишлаймиз! Бунга шубҳа қилмасангиз бўлади», — деди Александр Лукашенко.
У ўзбекистонлик ишчилар учун тенг шароитлар яратилишини таъкидлади.
«Бизда қишлоқларда нисбатан яхши уй-жойлар бор. Биргаликда уларни тартибга келтирамиз. Ва қуриладиган нарсаларни ҳам одамлар учун қурамиз. Ўзбек бўлсин, беларус бўлсин — фарқи бўлмайди. Фарзандларингиз боғча ва мактабга беларус болалари билан бир хил шароитларда боради. Бу ерга келганлар ўзларини биз учун бегона одамлар эмаслигини билиши керак. Биз буларнинг барчасини қиламиз. Фақат ишласалар бўлди», — дея таъкидлади Беларусь раҳбари.
Беларусь президенти маъмурияти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда мамлакатда 7000 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳисобда турибди. Уларнинг бир қисми аллақачон ишламоқда, кўпчилиги эса талабалар ҳисобланади. Ҳокимият вакиллари ўқишни тугатганидан сўнг уларнинг айримлари Беларусда ишлашда давом этишини истисно қилмаяпти.
Ўзбекистонликларни нафақат қишлоқ хўжалиги соҳасига, балки қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларига, шунингдек, кичик тиббий ходимлар сифатида ишлашга жалб қилиш режалаштирилмоқда. 13 июль куни Беларусга 250 нафар киши етиб келган. Шунингдек, Андижон вилоятидан яна 5000 нафар аҳолининг ҳудудга келиш бўйича келишувга эришилган. Улар сентябрь ойидан бошлаб ҳар сафар 500 нафардан кела бошлайди. Витебск вилояти ҳокимиятига уларни қабул қилиш учун зарур шароитларни тайёрлаш топширилган.
«Первый информационный» телеканали эфирида Андижон вилояти ҳокими Витебск вилоятига юртдошлар келганини тасдиқлади. «Уларга уй-жой берилди ва ишлашлари учун барча шароитлар яратилди. Одамлар ишлашга тайёр», — деди Абдураҳмонов.
Бироқ, Беларусга келганидан кейинги куннинг ўзидаёқ ўзбекистонликлар таклиф қилинган шароитлардан норози эканини билдиришди.
Nova24 хабарига кўра, мигрантлар видео мурожаат ёзиб, уларни Андижонга қайтаришни сўрашган. Улар уй-жой шароити ёмонлиги ва иш ҳақи камлигидан шикоят қилишган.
«Бизга 500 доллардан ортиқ маош берилмаслигини айтишди, агар бу бизга ёқмаса — кетишимиз мумкинлигини айтишди. Биз бундай пулга ишлашдан бош тортдик. Агар тахминан 200 доллар уй-жой ва овқатланишга кетса, яна қарийб 100 доллар маиший харажатларга сарфланса, қўлимизда атиги 200 доллар қолади. Биз бундай пулга ишлашга тайёр эмасмиз. Яхшиси, бизни Ўзбекистонга қайтаринглар — у ерда кўпроқ даромад қиламиз», — дейишган ўзбекистонликлар.
Уларнинг мурожаатига жавобан Ўзбекистон Миграция агентлиги вазиятни ўрганиб чиқишга ваъда берди. Агентлик маълум қилишича, ҳозирда Андижон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда воқеа жойидаги ҳолат ўрганилмоқда. Агар иш берувчи шартнома шартларини бузгани ёки иш ҳақини камайтириб кўрсатгани аниқланса, мигрантларга бошқа иш жойлари таклиф этилади. Шу билан бирга, агентлик таъкидлашича, Беларусь томони билан тасдиқланган лойиҳа шартларига кўра, ўртача иш ҳақи 900–1000 доллар бўлиши керак, айрим ҳолларда эса 1200 долларгача етиши мумкин.



