Қирғизистон МХДҚнинг собиқ раҳбари Ташиев 2027 йилги президентлик сайловларида иштирок этишдан воз кечди

Камчибек Ташиев ва Садир Жапаров. . Ўткурбек Раҳмановнинг Facebook саҳифасидаги фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ)нинг собиқ раиси Камчибек Ташиев 2027 йилги президентлик сайловларида иштирок этмаслигини ва унда амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Генералнинг халққа мурожаати унинг сафдоши, «Регион» телеканалининг собиқ директори Ўктурбек Раҳманов томонидан Facebook саҳифасида эълон қилинди.

Ташиевнинг айтишича, кейинги вақтларда унинг Қирғизистон президенти сайловларида иштирок этишига оид турли миш-мишлар ва ёлғон маълумотлар тарқатилган. Шу муносабат билан МХДҚнинг собиқ раҳбари ватандошларига очиқ мурожаат қилишга қарор қилган.

«Мен 2027 йилги президентлик сайловларида иштирок этмайман. Бу ҳақда аввал ҳам бир неча бор аниқ айтганман ва генерал сифатида берган сўзимдан қайтмайман. Менинг позициям ўзгармаган ва ўзгармайди», — деб ёзган махсус хизматнинг собиқ раҳбари.

Шундан сўнг у сайловларда Садир Жапаровни тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. Бу ҳақда у аввал ҳам бир неча бор маълум қилганини эслатади. Шу билан бирга, Ташиев амалдаги президентни «дўстим» деб атаб, Жапаровни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакат барқарорлиги, давлат тараққиёти, халқ бирлиги ва Қирғизистон келажаги тарафини танлаётганини билдирган.

«Мен бундан кейин ҳам халқим ва давлатимга ҳалол хизмат қилишда давом этаман», — дейди МХДҚнинг собиқ раиси.

Мурожаатида у, шунингдек, фуқароларни генералнинг номидан фойдаланиб ёлғон маълумотлар тарқатаётган, миш-миш ва ғийбатлар орқали одамларни чалғитишга, жамиятда тартибсизлик келтириб чиқаришга ҳамда халқ бирлигига раҳна солишга уринаётган шахсларга ишонмасликка чақирди.

«Ҳар қандай шароитда ҳам дўстликдек муқаддас қадриятни сақлаб қолсак, келажак авлодлар учун намуна бўламиз. Фақат бирлигимизни асрай олсакгина давлатимиз кучли бўлади, халқимизнинг келажаги эса ёруғ бўлади!» — деб ёзади Ташиев.

ℹ️ Жорий йилнинг 10 февралида Садир Жапаров Камчибек Ташиевнинг Бош вазир ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси лавозимларидан озод этилганини эълон қилган эди. Ўша пайтда генерал Германияда тиббий кўрикдан ўтаётган бўлган. Собиқ Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабар унинг учун кутилмаган ҳол бўлган. Шу билан бирга, у қандай вазият бўлишидан қатъи назар, президент қарорларини бажариш зарурлигини таъкидлаган.

Апрель ойида махсус хизматнинг собиқ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди. Бироқ, Ташиев тарафдорларини хотиржамликни сақлашга чақириб, «қонун олдида покман», дея таъкидлади. Шу билан бирга, мазкур иш бўйича республика собиқ Бош прокурори Қурманқул Зулушев ва парламентнинг собиқ спикери Нурланбек Тургунбек уулу каби бошқа таниқли шахслар ҳам айбланувчи сифатида ўтаётгани маълум қилинди. Уларга оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ҳамда тергов томонидан ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга уриниш сифатида баҳоланган ҳаракатлар бўйича айбловлар қўйилган.

Июль ойида суд ҳукми чиқарилди. Ташиев ҳам, бошқа айбланувчилар каби, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ маҳкумлар жазони колонияда ўтамайди — озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига уч йиллик пробация назорати тайинланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ