Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги КҚК танкерларига қилинган ҳужумларни мамлакатнинг иқтисодий манфаатларига тажовуз деб атади

cpc.ru сайти фотосурати

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Каспий қувур консорциуми (КҚК) инфратузилмаси орқали нефть ташиган фуқаролик кемаларига учувчисиз учиш аппаратлари томонидан уюштирилган ҳужумларни республика иқтисодий манфаатларига тажовуз деб баҳолади. Бу ҳақда вазирликнинг 19 июль куни эълон қилинган баёнотида сўз юритилган.

Гап 17 ва 19 июль кунлари Қора денгиз акваториясида содир бўлган ҳодисалар ҳақида бормоқда. Ўшанда дронлар Қозоғистон нефтини ташишда иштирок этган бир нечта танкерга ҳужум қилган.

«Бундай ҳужумларни Қозоғистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига йўл қўйиб бўлмайдиган тажовуз, шунингдек, қонуний халқаро савдо, жаҳон энергетика бозорлари ва глобал транспорт-логистика таъминот занжирлари хавфсизлигини издан чиқаришга қаратилган мақсадли ҳаракатлар деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидланган вазирлик баёнотида.

Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигида фуқаролик кемалари ҳақида ахборот алмашиш бўйича келишилган механизм «атайлаб инобатга олинмагани»ни, бу эса экипаж аъзоларининг ҳаёти ва хавфсизлигини хавф остига қўйганини маълум қилди.

Қозоғистон халқаро ҳамжамият ва ҳамкор давлатларни бундай ҳаракатларни халқаро даражада «қатъий қоралаш»га чақирди.

«Фақат халқаро ҳуқуқ меъёрларига сўзсиз риоя этилиши бундай ҳодисаларнинг такрорланишининг олдини олишга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлайди вазирлик. Шунингдек, Қозоғистон ҳужумлар оқибатида етказилган зарарни ҳар томонлама баҳолаш ишларини олиб бораётганини маълум қилди.

Ушбу ишлар якунларига кўра, республика ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун халқаро ҳуқуқда назарда тутилган барча механизмлардан, жумладан, етказилган зарарни қоплаш бўйича талаблар қўйиш ҳуқуқидан фойдаланишини маълум қилди.

Каспий қувур консорциуми Қозоғистон нефтини жаҳон бозорларига экспорт қилишнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Мамлакат нефть экспортининг 80 фоиздан ортиғи ушбу тизим орқали амалга оширилади. Узунлиги тахминан 1,5 минг километр бўлган қувур Ғарбий Қозоғистондаги нефть конларини Қора денгиз соҳилида жойлашган денгиз терминали билан боғлайди. У ердан нефть танкерларга юкланиб, экспорт қилинади. Консорциум акциядорлари қаторида Россия, Қозоғистон, АҚШнинг Chevron компанияси ҳамда бошқа халқаро нефть-газ корпорациялари бор.

Сўнгги вақтларда Каспий қувур консорциумининг кемалари ва инфратузилмаси мунтазам равишда ҳужумларга учрамоқда. Бу эса нефть экспортида узилишларга ва Қозоғистонда нефть қазиб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда.

Январь ойида учувчисиз учиш аппаратлари консорциум терминали яқинидаги икки танкерга зарар етказган эди. Улардан бири АҚШнинг Chevron компанияси, иккинчиси эса «ҚазМунайГаз»нинг шўъба тузилмаси томонидан фрахт қилинган. Ўшанда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги «жиддий хавотир» билдириб, мамлакат ҳеч қандай қуролли можаро томони эмаслигини эслатган эди.

Июль ойи бошида Chevron томонидан фрахт қилинган ва КҚК терминалига юк ортиш учун йўл олган Yasa Polaris танкери ҳам учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумига учради. Ўшанда кема жиддий зарар кўрмаган эди.

17 июль куни эса консорциумнинг денгиз терминали томон ҳаракатланаётган Nordic Zenith танкерига дронлар ҳужум қилди. Икки карра ҳужумдан сўнг кема бортида ёнғин келиб чиққан ва экипаж ҳалокат сигнали юборган. Консорциум кемалари 13 нафар денгизчини эвакуация қилган, яна тўққиз нафари эса ўз хоҳиши билан кема бортида қолган. Экипаж саъй-ҳаракатлари билан ёнғин ўчирилган, аммо танкер шикастланиб, нефть юклаш учун яроқсиз ҳолга келган.