Wildberries омборига қилинган дрон ҳужуми оқибатида Тожикистон фуқароси ҳалок бўлди

Наврўзжон Содиқов. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

18 июлга ўтар кечаси Электросталь шаҳридаги Wildberries омборига қилинган дрон ҳужуми оқибатида Тожикистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Новая газета — Европа» хабар берди.

Москва вилоятидаги омборга қилинган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган ягона киши 25 ёшли Наврўзжон Содиқов бўлган. Бу ҳақда биринчи бўлиб Тожикистоннинг «Оила» нашри ёзди. Нашр маълумотига кўра, Наврўз Хатлон вилоятининг Жайҳун туманида туғилган, яқинда турмуш қурган. У омборда акаси Садриддин билан бирга ишлаган.

«Новая газета — Европа» Садриддин билан боғланган ва у укасининг вафот этганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, дронлар ҳужуми вақтида Наврўз оғир жароҳат олган. Тез ёрдам келгунча кутмасдан, уни шифохонага олиб кетишган, аммо у етиб боргач вафот этган. Наврўз 2025 йил кузидан бери Россияда яшаган ва бу вақтнинг катта қисмини Электросталь шаҳридаги омборда ишлаб ўтказган. Унинг жасади 22 июль куни самолёт орқали Тожикистонга юборилган.

Компенсация ҳақидаги саволга жавобан Садриддин ҳалок бўлган ходимнинг оиласига кадрлар аутсорсинги ва танлаш билан шуғулланувчи «Ресурс плюс» компанияси 1 миллион рубль тўлаб берганини айтган. Wildberries вакиллари эса ҳозирча Содиқовлар оиласи билан боғланмаган. Аввалроқ Wildberries раҳбари Татьяна Ким ҳалок бўлганлар оилаларига 2 миллион рубль миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган эди.

Электросталь шаҳридаги омборда юз берган ёнғин оқибатида 50 нафардан ортиқ киши турли даражада жароҳат олган, улар орасида Қирғизистоннинг икки нафар фуқароси ҳам бўлган. Улар Электросталь шаҳри шифохонасига ётқизилган бўлиб, аҳволи қониқарли дея баҳоланмоқда. Яна бир неча қирғизистонлик юртдошлари ёнғин оқибатида ҳужжатлари ва шахсий буюмларини йўқотгани ҳақида ўз мамлакатининг элчихонасига мурожаат қилган. Улардан икки нафарига Қирғизистонга қайтиш учун гувоҳнома расмийлаштириб берилган.

«Новая газета — Европа»нинг таъкидлашича, на маҳаллий ҳокимият, на Wildberries компанияси ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг исмларини ҳозиргача ошкор қилмаган. Шу билан бирга, Электросталь омбори ходимлари чатларида ҳужумдан бери алоқага чиқмаётганлар рўйхатида 53 нафар киши қайд этилган бўлиб, улар орасида Тожикистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқаролари ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 18 июлга ўтар кечаси Украина дронлари Тамбов вилоятидаги Wildberries омборига ҳам ҳужум қилган эди. Ҳодиса оқибатида етти киши ҳалок бўлган, яна 24 киши турли даражада жароҳат олган. 22 июлга ўтар кечаси эса ушбу компаниянинг Краснодар ва Невинномисск шаҳарларидаги омборлари ҳужумга учради. Ўн киши жароҳат олган, жабрланганлардан бири шифохонада вафот этган. Невинномисск шаҳрида эса бир киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва шифохонага ётқизилган.