Ҳуқуқ ҳимоячилари Тўқаевни Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаевни Россияга топширмасликка чақирди

Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаев. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қозоғистонни Россия фуқаролари Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаевни Россияга экстрадиция қилмасликка чақирди. Бу ҳақдаги Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев номига мурожаат Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти (ISHR) томонидан эълон қилинди. Ташаббусга «Ковчег» ташкилоти ва Урушга қарши қўмита консуллари ҳам қўшилган.

ISHR маълум қилишича, агар Емельянова ва Мовлаев Россияга экстрадиция қилинса, улар узоқ муддатли қамоқ жазоси, қийноқлар ҳамда сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиниши хавфига дуч келиши мумкин.

«Қозоғистон қонун устуворлиги ва Европадаги халқаро ҳамкорликка содиқлигини таъкидлаб келади. Шу билан бирга, бошпана сўраётганлар айнан ўзлари қочиб чиққан давлат тузилмаларига топширилиш хавфи остида турибди», — дейди ISHR раиси Эдгар Ламм.

Юлия Емельянова — россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Санкт-Петербургдаги собиқ штаби ходими. Россияда унга нисбатан 2021 йилда ўғирлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов талқинига кўра, фаол гўёки Санкт-Петербургда такси ҳайдовчисининг телефонини ўғирлаган. Емельянованинг ўзи айбловларни рад этиб, иш сохталаштирилганини, ўзига нисбатан ўғирлангани айтилган телефонни биринчи марта полиция бўлимида кўрганини таъкидлаган. Иш судга оширилганидан кейин аёл Россияни тарк этган.

Ўтган йил 31 август куни Емельянова Олмаота аэропортида қўлга олинган. У Қозоғистонга транзит йўловчи сифатида келган бўлиб, Грузиядан Вьетнамга учаётган бўлган. Мухолифатчи Россия томонидан давлатлараро қидирувга берилгани асосида ушланган.

Жорий йил 11 февраль куни Қозоғистон уни Россияга экстрадиция қилиш ниятида экани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу ойнинг ўзида Ғарбий Қозоғистон вилояти маъмурий суди россиялик фуқарога сиёсий бошпана беришни рад этган. Май ойида эса ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотига кўра, у иккинчи марта ҳам рад жавобини олган. Ҳозирда Юлия Емельянова Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

ISHR ва «Ковчег» ташкилотлари Қозоғистонда Юлия Емельяновага бошпана бериш масаласи бўйича суд жараёнлари давомида қонунбузарликлар содир этилганини маълум қилади. Уларнинг таъкидлашича, очиқ суд мажлисларидан бирига журналистлар киритилмаган, суд БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарованинг хати иш материалларига қўшилишини рад этган. Шунингдек, иш юзасидан қарорлар Емельянованинг ўзи ва унинг ҳимоячилари иштирокисиз эълон қилинган.

Мансур Мовлаев — «Адат» мухолифат ҳаракати иштирокчиси бўлиб, ушбу ҳаракат Рамзан Қодиров режимига қарши чиқади. Россияда у товламачилик ва экстремизмда айбланмоқда. 2020 йилда Мовлаев гиёҳвандликка оид иш бўйича уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У мазкур ишни сохталаштирилган деб ҳисоблайди. Ҳимоя томонининг маълум қилишича, озодликка чиққанидан сўнг Мовлаев ўғирлаб кетилган ва махфий сақлаш жойида ушлаб турилган, кейинчалик у ердан қочишга муваффақ бўлган. Фаолнинг ўзи таъқиблар Чеченистонда одамларнинг ўғирлаб кетилиши ҳақидаги нашрлари билан боғлиқлигини айтади.

Қочиб кетганидан сўнг Мансур Мовлаев Олмаотада яшаб, мураббий бўлиб ишлаган. 2025 йил май ойида у Россия сўровига биноан қўлга олинган, бироқ кўп ўтмай бошпана изловчи шахс мақомини олган ва бу уни вақтинча экстрадициядан ҳимоя қилган. 2025 йил декабрь ойида Қозоғистон ҳукумати унинг сиёсий бошпана бериш ҳақидаги илтимосини рад этади, 2026 йил январь ойида эса Қозоғистон Бош прокуратураси уни Россияга экстрадиция қилишга санкция беради.

2026 йил февраль ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Мовлаевни экстрадиция қилишни тўхтатиб туришни талаб қилди. Ҳозирда у ҳибсда сақланмоқда. 8 май куни Олмаота Тергов суди унинг экстрадиция мақсадидаги қамоғини узайтирди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, Мансур Мовлаев чечен хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан ўғирлаб кетилганидан сўнг электр токи билан қийноққа солинган ва шафқатсиз муносабатга дучор бўлган. Улар маълумотига кўра, унинг қариндошлари ҳам таъқиб қилинмоқда. Мурожаатда қайд этилишича, Чеченистонда ҳукумат танқидчилари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзолари таъқиб, мажбурий йўқолиш ва ҳалок бўлиш хавфи остида яшашмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистон ҳукуматини ҳар икки Россия фуқароси учун адолатли суд муҳокамасини таъминлашга ва уларни Россияга экстрадиция қилиш ўрнига учинчи давлатларга чиқиб кетиш имкониятини кўриб чиқишга чақирди.