Ўзбекистон Саудия Арабистони ўрнига U-17 Осиё кубогига мезбонлик қилади

Кубок. ЎФА фотосурати

2027 йилги футбол бўйича U-17 Осиё кубоги Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Мусобақа 12 майдан 29 майга қадар Дўстликдаги Миллий футбол марказида ўтказилади, деб хабар қилди Ўзбекистон футбол ассоциацияси.

Дастлаб турнирни Саудия Арабистони қабул қилиши керак эди. 2025 йил май ойида Осиё футбол конфедерацияси мусобақаларни ўтказиш қўмитаси қиролликни U-17 Осиё кубогининг учта кетма-кет турнири — 2026, 2027 ва 2028 йилларги мусобақалар мезбони сифатида танлаган эди. Саудия аризаси Хитой ва Ироқ таклифларидан устун келган.

Ушбу турнирларнинг биринчиси 2026 йил май ойида Жидда шаҳрида бўлиб ўтди. Кейинги мусобақанинг Ўзбекистонга топширилиши сабаблари Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабарларида келтирилмаган. 2028 йилги U-17 Осиё кубоги ўтказиладиган жой ўзгариши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон йирик халқаро мусобақаларни мунтазам қабул қилиб келмоқда.

2022 йили Тошкент ва Қарши шаҳарларида U-23 футбол бўйича Осиё кубоги бўлиб ўтди. Унда мезбон Ўзбекистон терма жамоаси финалга қадар етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда Саудия Арабистонига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

2023 йили Тошкент ва Фарғона шаҳарлари U-20 Осиё кубогига мезбонлик қилди. Ўзбекистон терма жамоаси финалда Ироқни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, турнир ғолибига айланди.

2024 йили Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида футзал бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди. Бу Марказий Осиёда ўтказилган илк FIFA мусобақаси бўлди. 2027 йилда эса Ўзбекистон Озарбайжон билан биргаликда футбол бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қабул қилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон аввалроқ 2031 йилги катталар ўртасидаги Осиё кубогини ўтказиш учун қўшма ариза топширган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ