Россия ва Қирғизистон виртуал мобил алоқа операторини ташкил этади. Тегишли келишув 6 август куни VIII Қирғизистон–Россия иқтисодий форуми доирасида имзоланди, деб хабар берди Economist.kg.
Россия–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси (РҚТЖ) бошқаруви раиси Артём Новиковнинг айтишича, абонентлар икки мамлакат ҳудудида SIM-картани алмаштирмасдан ва роуминг учун ҳақ тўламасдан мобил алоқа ҳамда интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
«Бу давлатлараро рақамли кун тартиби доирасидаги муҳим ташаббуслардан биридир», — дея Новиковнинг сўзларини келтиради 24.kg нашри.
Форум якунлари бўйича умумий қиймати 800 миллион долларга яқин бўлган ўнга яқин келишув имзоланди. Жумладан:
▶️ Норин вилоятида қиймати 250 миллион доллар бўлган қуёш электр станциясини қуриш инвестиция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишув;
▶️ Иссиқкўл вилоятида қуввати 100 МВтгача бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини 126 миллион доллар миқдорида молиялаштириш тўғрисидаги келишув;
▶️ 20 миллион долларлик логистика мажмуасини қуриш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув ва бошқа ҳужжатлар.
Келишувларнинг деярли барчаси РҚТЖ иштирокида амалга оширилади. Артём Новиковнинг сўзларига кўра, жамғарма ўн йиллик фаолияти давомида умумий қиймати 1,2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 3,7 мингдан зиёд лойиҳани молиялаштирган. 2030 йилга қадар РҚТЖ капитали икки баробарга оширилиб, 1 миллиард долларга етказилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, жамғарма қўшимча 1 миллиард долларлик лойиҳаларни молиялаштиришни мақсад қилган.
РҚТЖ раҳбари, шунингдек, «2030 йилгача 100 та Қирғизистон–Россия қўшма ишлаб чиқариш корхонаси» дастурини ишга туширишни таклиф қилди. Дастур саноат, энергетика, агросаноат маҳсулотларини қайта ишлаш, машинасозлик, логистика, фармацевтика ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларини қамраб олади. Дастур иштирокчилари учун инвестиция лойиҳаларини тезкор қўллаб-қувватлаш ва имтиёзли молиялаштириш механизмларини жорий этиш режалаштирилган.



